Москванинг Басманний тумани суди “Крокус Сити Холл” концерт залидаги террор хуружига оид иш бўйича айбланаётган яна тўрт кишининг ҳибс муддатини 22 ноябргача узайтириш ҳақида қарор чиқарди. Маълумотларга кўра, ёпиқ ўтказилган суд жараёнида бундай қарор чиқаришни терговчилар сўрашган.
Ҳибс муддати узайтирилган тўртовлон – Исломовлар оиласи ва Қосимов Алишер, россиялик терговчилар қаноатича, концерт залига ҳужумнинг ижрочиларига кўмаклашган. Ҳусусан, Исломовлар уларга машинасини сотган, Қосимов эса уй берган.
Аввалроқ, ҳужумнинг асосий ижрочилари деб ҳисобланган Мухаммадсобир Файзов, Муродали Ражабализода, Шамсиддин Фаридуний ва Далержон Мирзоевнинг ҳам ҳибс муддати 22 ноябргача узайтирилган эди. Бундан ташқари, 19 август куни Лутфулло Назримад, Жумахон Қурбонов, Ёқубжон Юсуфзода ва Мухаммад Шарифзодаларнинг ҳам ҳибс муддати 22 ноябргача узайтирилганди.
Иш юзасида жами 12 киши айбланмоқда, улар орасида, тергов тахминига кўра, теракт ижрочиларини яшаш жойи, транспорт, алоқа воситалари билан таъминлаганлар бор. “Крокус”даги терактга оид иш бўйича ҳаммаси бўлиб 20 дан зиёд қўлга олинган, дея қайд этган РБК нашри.
Москва вилоятида жойлашган “Крокус Сити Холл”даги теракт 2024 йил 22 мартида содир бўлган бўлиб, ўшанда бир неча қуролли шахс концерт залига бостириб кириб, одамларни ота бошлаган эди. Шундан сўнг ҳужумчилар бинога ўт қўйиб, кўздан ғойиб бўлишган. Ҳужум чоғида олти нафар бола дохил 145 киши ҳалок бўлган, 550 дан зиёд одам яраланган.
Террор хуружи учун масъулиятни кўплаб давлатларда террор ташкилоти ўлароқ тан олинган “Ислом давлати” гуруҳининг Афғонистон бўлими бўлмиш “Вилояти Хуросон” аъзолари ўз зиммаларига олишган.
Россиялик расмийлар концерт залидаги терактга Украина дахлдор бўлиши мумкинлигини иддао қилишган. Киев бу айбловни қатъиян рад этган.
Иш юзасида жами 12 киши айбланмоқда, улар орасида, тергов тахминига кўра, теракт ижрочиларини яшаш жойи, транспорт, алоқа воситалари билан таъминлаганлар бор.