Ссылки доступа

Украиналиклар “Кавказ” портидаги ёнилғили паромга зарба беришди


Украина ва Россия манбалари 22 август куни Краснодар ўлкасидан аннексия қилинган Қримга паром кечуви ҳудудига ракета зарбаси берилгани ҳақида маълумот тарқатишди.

“Осторожно, новости” дохил қатор телеграм-каналлар паром кечуви ҳудудидан осмонга ўрлаётган қора тутун видеосини ёйинлашди.

Кейинроқ Краснодар ўлкаси тезкор штаби телеграм-каналида “Кавказ” портида ёнилғи қуйилган цистернали темирйўл пароми ҳужумга учрагани, зарба ортидан ёнғин чиққан, жабрланганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқлиги ҳақида хабар пайдо бўлди.

Пировардида ёнаётган паром видеолари ҳам пайдо бўлди. Иддаога кўра, бу ерда гап “Конро Трейдер” пароми ҳақида бормоқда.

Россия расмийлари маълумотига кўра, паромда 30 га яқин цистерна бўлган. Ёнғинни ўчиришга ўт ўчирувчи поезд жалб қилинган. Москва вақти билан соат 18.45 ларда тезкор штаб “паром “Кавказ” порти ҳавзасида етган шикаст туфайли чўкиб кетган”ини маълум қилди.

“База” нашрининг маълумот олинган манбани кўрсатмаган ҳолда иддао қилишича, паром экипажининг 15 аъзоси тақдири номаълум. Бир неча телеграм-канал паром бортида 5 киши бўлгани ҳақида ёзмоқда. Ҳодиса чоғида жабрланганлар ҳақида ҳам, муҳтамалан дараксиз йўқолганлар ҳақида ҳам ҳали бирор расмий маълумот берилгани йўқ.

Украиналик ҳарбийлар паромга берилган зарбага оид хабарларни ҳозирча изоҳлашмаган. 22 август куни Керч кўприги бўйлаб ҳаракат ва Севастополь кўрфазидаги сув йўловчи транспорти ҳаракати тўхтатиб қўйилган. Бу нишонларга зарба берилиб-берилмагани ҳақида бирор маълумот йўқ.

Украиналик ҳарбийлар Қримдаги объектларга мунтазам равишда ракета зарбалари бериб келишади. Сўнгги пайтларда Қримга ҳарбий юклар ташиш учун фойдаланилаётгани иддао қилинган паром кечуви ҳам украиналиклар зарбаларига нишон бўлган эди.

XS
SM
MD
LG