Шимолий Корея 2022 йил ўрталаридан буён Россияга 13 мингдан ортиқ денгиз контейнерларини жўнатган. Бу ҳақда Newsweek нашри Жанубий Корея разведкаси маълумотларига таяниб хабар бермоқда.
Шимолий Корея Россиянинг Украинага бостириб кирганидан кейинги икки йил давомида ўзининг шарқий порти Наджин орқали қурол-яроғ етказиб бермоқда. Аллақачон юборилган контейнерларда олти миллиондан ортиқ 152 миллиметрли артиллерия снарядлари бўлиши мумкин. Шунингдек, Шимолий Корея 122 миллиметрли артиллерия снарядлари, мобил зенит-ракета тизимлари, танкка қарши ракеталар ва бошқа ҳарбий техника ва қурол-яроғларни юборган, дейилади хабарда.
2024 йил февраль ойида Жанубий Корея мудофаа вазири Син Вон Сик Пхенян Россияга қурол-яроғ, жумладан беш миллиондан ортиқ артиллерия снарадлари ортилган қарийб етти минг денгиз контейнерини жўнатганини айтганди.
Қурол етказиб бериш эвазига Россия Шимолий Кореяга энергия ресурслари, шунингдек, ракета ва жосус сунъий йўлдошларини яратиш учун космик технологиялар тақдим этмоқда.
Россия Украинага тажовузи бошланганидан кейин Шимолий Корея билан алоқаларни фаол йўлга қўя бошлади. 2023 йил сентябрь ойида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россияга борган, 2024 йил июнь ойида эса Владимир Путин жавоб ташрифи билан келган эди.
Расмийлар учрашувларда ўзаро иқтисодий ҳамкорлик муҳокама қилингани айтиб, қурол етказиб берилаётганини рад этганди.
Февраль ойида америкалик суриштирувчилар минтақадаги порт ва темир йўл станцияларининг юзлаб сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилиб, 2023 йил августидан Шимолий Корея Россияга 2,5 миллиондан ортиқ ўқ-дори етказиб берган бўлиши мумкинлигини айтган. Украина Бош прокуратураси аллақачон Россия Украина ҳудудларини ўққа тутишда Шимолий Корея ракеталаридан фойдаланганини қайд этган. Украина томони маълум қилишича, Россия 2024 йил 7 февралдаги энг оммавий ҳужумни айнан Шимолий Корея ракеталари билан амалга оширган.
Контейнерларда олти миллиондан ортиқ 152 миллиметрли артиллерия снарядлари бўлиши мумкин. Шунингдек, Шимолий Корея 122 миллиметрли артиллерия снарядлари, мобил зенит-ракета тизимлари, танкка қарши ракеталар ва бошқа ҳарбий техника ва қурол-яроғларни юборган.