Ссылки доступа

Афғонистон чегараси яқинида халқаро савдо маркази иш бошлади


Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси яқинида жойлашган Термиз шаҳрида 29 август куни Халқаро савдо марказининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Бош вазир матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятов маълумотига кўра, марказнинг очилиш маросимида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, Озарбайжон бош вазирининг ўринбосари Шахин Мустафаев, Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазирининг ўринбосари Назарбек Малаев, Қозоғистон савдо ва интеграция вазирининг ўринбосари Қайрат Торебаев ва бошқалар иштирок этишган.

Маросимда рамзий тасма кесилгани ортидан ўзбек расмийлари Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон делегациялари ва бошқа мамлакат дипломатик корпус вакилларини марказ фаолияти билан яқиндан таништиришган.

Хабарномада Термиз халқаро савдо маркази “қулай ишбилармонлик муҳити ва логистикани яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ва тадбиркорлар учун зарур шароит яратиш мақсадида” барпо этилгани урғуланган.

Термиз халқаро савдо маркази Ўзбекистон президенти томонидан бундан уч ярим ой муқаддам имзоланган қарор асосида ташкил этилган.

“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси фаолиятини ривожлантириш тўғрисидаги мазкур қарорда марказ ҳудудида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга Афғонистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун тасдиқнома олмасдан меҳнат шартномалари асосида ишга қабул қилишга рухсат этилиши қайд қилинган.

Шунингдек, ҳужжат билан халқаро марказ ҳудудида улгуржи ва чакана савдода тўлов воситаси сифатида истисно тариқасида ўзбек сўми билан бир қаторда АҚШ доллари, Россия рубли, евро ва юань каби валюталарни қабул қилишга рухсат этилган эди.

XS
SM
MD
LG