28 август куни Москванинг Басманний суди Шаҳрамжон Гадоев, Зубайдулло Исмоилов, Мустақим ва Умеджон Солиевлар ҳамда Ҳусайн Ҳамидовнинг қамоқ муддатини декабргача узайтирди. Улар "Крокус"га ҳужум тергови доирасида Доғистон ҳудудида ҳибсга олинган. Бу ҳақда ТАСС давлат агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таяниб хабар бермоқда.
Улар ҳужумчиларга қуролни етказиб берганликда гумонланмоқда.
Айбланувчилардан учтаси Тожикистон фуқароларидир.
Иш юзасида жами 12 киши айбланмоқда, улар орасида, тергов тахминига кўра, теракт ижрочиларини яшаш жойи, транспорт, алоқа воситалари билан таъминлаганлар бор. “Крокус”даги терактга оид иш бўйича ҳаммаси бўлиб 20 дан зиёд қўлга олинган, дея қайд этган РБК нашри.
Москва вилоятида жойлашган “Крокус Сити Холл”даги теракт 2024 йил 22 мартида содир бўлган бўлиб, ўшанда бир неча қуролли шахс концерт залига бостириб кириб, одамларни ота бошлаган эди. Шундан сўнг ҳужумчилар бинога ўт қўйиб, кўздан ғойиб бўлишган. Ҳужум чоғида олти нафар бола дохил 145 киши ҳалок бўлган, 550 дан зиёд одам яраланган.
Террор хуружи учун масъулиятни кўплаб давлатларда террор ташкилоти ўлароқ тан олинган “Ислом давлати” гуруҳининг Афғонистон бўлими бўлмиш “Вилояти Хуросон” аъзолари ўз зиммаларига олишган.
Россиялик расмийлар концерт залидаги терактга Украина дахлдор бўлиши мумкинлигини иддао қилишган. Киев бу айбловни қатъиян рад этган.
Улар ҳужумчиларга қуролни етказиб берганликда гумонланмоқда. Айбланувчилардан учтаси Тожикистон фуқароларидир.