Душанбедаги мактаблардан бирида ўқув йилини бошлаш маросимида сўзга чиққан Раҳмон, хусусан, "биргина Фаластиннинг Ғазо секторида бир йилдан камроқ вақт ичида 45 мингдан ортиқ одам ўлдирилганини, уларнинг 17 мингдан ортиғини болалар ташкил этганини" айтди.
"Исломофобия ва мусулмонларга нисбатан нафратнинг авж олиши, динлар ва конфессиялар ўртасида пона қоқишга уринишлар инсоният жамиятини жиддий ташвишга солаётган яна бир хавф омилига айланди," - деди Раҳмон.
Тожикистоннинг ўзида ҳам эътиқод эркинлиги жиддий тарзда поймол этилади. Ҳусусан, яқинда Раҳмон "сатр ва ҳижоб деб номланган ёт кийим-бошни" тақиқлаган эди.
“Кийинишда ёт маданиятга тақлид қилиш, яъни сатр ва ҳижоб деб номланган ёт кийим-бошни кийиб юриш жамиятимиз учун яна бир долзарб муаммо бўлиб ҳисобланади”, деган Имомали Раҳмон миллий либослардан бегоналашиш миллатнинг миллий ва маданий ўзлигига путур етказишини урғулаган эди.
Бунинг ортидан Мусулмон уламолари иттифоқи Тожикистонда ҳижобни тақиқлашга оид қонун лойиҳасини қоралаб чиққан, Афғонистондаги экстремистик кайфиятда бўлган айрим руҳонийлар эса ҳатто “жиҳод” эълон қилган.
Сўнгги йилларда дин ва эътиқод эркинлигини чеклашга уринаётган Тожикистон президенти дунёда "мусулмонларга нисбатан нафрат" кучайганини айтмоқда.