2 сентябрь куни Олмаота вилояти Қорасай туман судида 2022 йил январь ойидаги ғалаёнлар даврида Қўшмамбет қишлоғидаги махсус ҳибсхонадаги қийноқларга оид иш бўйича дастлабки эшитув бўлиб ўтди.
Ушбу иш бўйича 44 киши жабрланувчи деб топилган, улар орасида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам бор.
Мазкур иш бўйича олти нафар полиция ходимига айблов эълон қилинди. Улар "қийноққа солиш" ва "ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш"да айбланмоқда.
Ушбу жараён иштирокчиларидан, жумладан жабрланувчилар ва уларнинг адвокатларидан маълумотларни ошкор қилмаслик тўғрисида тилхат олинган.
Аввалроқ шу иш бўйича Олмаота полицияси департаментининг собиқ ўринбосари Берик Абилбеков қўлга олинган эди. 2 сентябрь куни бўлиб ўтган дастлабки суд мажлисида Абилбековнинг адвокати унинг айби исботланмаганини айтди ва унинг мижозига нисбатан ишни тўхтатишни сўради. Айбланувчиларнинг адвокатлари ҳам ишнинг прокуратурага қайтарилишига эътироз билдиришган.
"Халқаро ҳуқуқий ташаббус" фонди раҳбари Айна Шўрманбаева аввалроқ бу ишда 23 нафар Ўзбекистон фуқаросининг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётганини маълум қилган эди.
Январдаги тартибсизликлар пайтида қозоқ давлат телеканаллари "тартибсизликларда иштирок этгани учун пул олганига" иқрор бўлган бир кишининг видеосини намойиш қилди. Кейинроқ маълум бўлишича, бу қийноқлар оқибатида ўзини айблашга мажбур бўлган қирғизистонлик мусиқачи Викрам Рўзахунов экан. Бу иш халқаро жанжалга сабаб бўлди. Ушбу воқеадан сўнг "ғалаёнларни ёлланган марказий осиёлик террорчилар уюштирган"лиги ҳақидаги расмий даъво пучга чиққан эди.
Бу ишда, жумладан, 23 нафар Ўзбекистон фуқароси жабрланувчи сифатида ўтмоқда.