Давлат раҳбарининг эътирозида айтилишича, қонун лойиҳасининг маълумотномасида ҳужжатнинг қабул қилиниши учун қўшимча маблағ талаб этмаслиги кўрсатилган. Бироқ Қирғизистон Республикаси Молия вазирлиги эътирозида таъкидланганидек, қонун лойиҳаси ҚР ҳудудида 1917-йилдан буён репрессия натижасида жарбланган ва кейинчалик реабилитация қилинган фуқароларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашни назарда тутади.
Ҳужжатда бир маротабалик товон пули ҳисобланган кўрсаткичнинг ўн баравари миқдорида бўлиши, шунингдек, ҳар ойда 1500 қирғиз сом (20 доллар атрофида) товон пули ва тиббий ёрдам кўрсатилиши кўзда тутилган.
Moлия вазирлигининг қўшимча қилишича, 2024-йилга мўлжалланган бюджет ва 2025-2026-йилларни режалаштириш даврида ушбу мақсадлар учун маблағ назарда тутилмаган.
Қонун лойиҳаси 1918-1953 йилларда сиёсий ва диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, миллий ёки бошқа сабабларга кўра зулмга учраган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. Бошқача айтганда, қонун лойиҳаси сиёсий қатағон қурбонларини реабилитация қилишга қаратилган.
Турли манбаларга кўра, 1937—38 йиллардаги қатағонларда Қирғизистонда 20 мингдан 40 минггача одам йўқ қилинган. Улар орасида 2 кун ичида “халқ душмани” деб эълон қилинган ва отиб ташланган Тўроқул Айтматов, Иманали Айдарбеков, Баяли Исакеев, Қосим Тинистанов каби 137 нафар зиёлилар ҳам бор. Ушбу зиёлиларнинг қабри фақат 50 йилдан кейин аниқланган.