Ссылки доступа

Олмаотада куйдиргига гумонланган тўртта касал аниқланди


2023 йилда ҳам Қозоғистоннинг тўртта вилоятида куйдирги билан касалланиш ҳолатлари қайд этилган, бир киши вафот этган эди.

Олмаота вилоятининг Уйғур туманида сибир ярасига (куйдиргига) гумонланган тўрт ҳолат қайд этилди, деб хабар бермоқда "Информбюро" нашри ҳудудий инспекция маълумотига таяниб.

Маълум қилинишича, ветеринария хизматини олдиндан огоҳлантирмасдан чорва моллари сўйилган, бу эса терговни мураккаблаштирмоқда. Касаллик сабабларини аниқлаш учун мутахассислар томонидан хомашё ва тупроқ намуналари олинди. Ҳозирда тадқиқот натижалари кутилмоқда.

Касалланганларнинг хўжалигидаги қорамоллар карантинга олиниб, изоляция қилинди, деб ёзади нашр.

Олмаота вилояти ҳокимлигининг ишонтиришича, мутахассислар ҳайвонларни ҳар куни кўрикдан ўтказмоқда ва ҳозирча касалликнинг клиник белгилари аниқланмаган.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда Қозоғистоннинг тўртта вилоятида - Оқмўла, Жамбул, Туркистон ва Қарағанда вилоятларида куйдирги билан касалланиш ҳолатлари қайд этилган, касаллик оқибатида бир киши вафот этган.

Аксарият ҳолларда одамлар куйдирги билан касал ҳайвонларни сўйиш ва гўштини майдалаш пайтида касаллик қўзғатувчиси шикастланган тери орқали организмга кириб олганда касалланади.

XS
SM
MD
LG