Ссылки доступа

АҚШ RT медиагуруҳига қарши санкциялар жорий этади


Маргарита Симоньян
Маргарита Симоньян

АҚШ Молия вазирлиги “Россия сегодня” медиагуруҳи ва унинг шўъбалари бўлмиш РИА “Новости” агентлиги, Russia Today, Ruptly ва Sputnik нашрларига нисбатан санкциялар жорий қилмоқда. Бу ҳақда вазирлик сайтидаги баёнотда айтилган.

Вашингтон фикрича, Россия медиатузилмалари АҚШдаги президент сайловига таъсир кўрсатишга уринмоқда ва сайловчиларнинг Қўшма Штатлардаги сайлов жараёнларига ишончига путур етказяпти.

Бундан ташқари, ҳужжатда Россия ўзининг ахборот ресурслари ёрдамида Молдовадаги вазиятга таъсир кўрсатишга уринаётгани, Украина ва бутун дунёдаги вазиятни беқарорлаштиришга ҳаракат қилаётгани урғуланган.

АҚШ санкция рўйхатига RT бош муҳаррири Маргарита Симоньян, унинг ўринбосарлари Елизавета Бродская, Андрей Кияшко ва Антон Анисимов, RT рақамли лойиҳалари менежери Константин Калашников ва медиалойиҳалар бўлими ходимаси Елена Афанасьевалар ҳам киритилган.

Айни пайтда АҚШ Молия вазирлиги Калашников ва Афанасьевага хорижий агентлар тўғрисидаги қонунни бузганлик ва пул ювганлик айбловлари ҳам билдирилишини қайд этган. Вазирлик иддаосича, RT ходимлари Россия манфаатлари ҳимояси учун видеороликлар ёйинланишига қарийб 10 миллион доллар маблағ сарфлашган. Баёнотда Қўшма Штатлар Россиядаги авторитар режим ўз пропагандасини зимдан олға суришига тоқат қилолмаслиги таъкидланган.

АҚШ қонунларига кўра, Калашников ва Афанасьева мазкур айбловлар бўйича 20 йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

Шунингдек, кремлпараст ҳакерлар гуруҳи бўлган RaHDit ва унинг раҳбари, ФСБнинг собиқ зобити Алексея Герашченко ҳамда “Диалог” автоном нотижорат ташкилоти ва унинг раҳбари Владимир Табак ҳам санкция рўйхатига тушган.

АҚШ Адлия вазирлиги “Диалог” томонидан Россия ҳукумати манфаатлари йўлида америкалик фуқароларга таъсир кўрсатиш учун фойдаланилган 32 та интернет-домен ҳам блокировка қилингани ҳақида билдирган. Бунга оид текширувлар АҚШ Федерал тергов бюросининг Филадельфиядаги бўлими томонидан олиб борилмоқда.

Тергов тахминига кўра, Россия томони Украинага нисбатан халқаро дастакни камайтириш, россияпарастлик қарашларини мустаҳкамлаш ва ноябрь ойида АҚШда бўлиб ўтажак президент сайлови олдидан сайловчиларга таъсир ўтказиш мақсадида ўз пропагандасини ёйиш билан шуғулланиб келган. АҚШ Адлия вазирлиги бу доменлар “Доппельгангер” амалиёти” деб номланган дезинформация кампаниясининг бир қисми бўлган, деб ҳисоблайди.

“Қўшма Штатлар Россия давлати ҳомийлиги остида демократик институтларимизга путур етказишга уринаётган субъектларни бундан буён ҳам фош қилишда ва уларни бу хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортишда давом этади”, дея билдирган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.

АҚШ санкцияларига оид хабарлар ортидан Маргарита Симоньян ўз телеграм-каналида “Тю. Уйғонишибди” деган ёзув қолдирган.

Аввалроқ CNN телеканали ўз манбаларидан олинган маълумотларга таяниб, Оқ уй Москвани ўз назорати остида бўлган оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардан дезинформация учун фойдаланган ҳолда, АҚШдаги президент сайловига таъсир кўрсатиш уринишларида айбламоқчи экани ҳақида хабар қилган эди.

CNN манбалари Вашингтоннинг диққат-эътибори “Кремль пропагандистик уринишларининг асосий унсури” ўлароқ, хусусан, RT телеканалига қаратилишига урғу беришган.

Россия давлат ОАВга нисбатан санкциялар киритилиши юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ. Москва хорижий давлатлардаги сайловларга аралашганлик бўйича барча айбловларни шу пайтгача доим қатъиян рад этиб келган.

XS
SM
MD
LG