Ссылки доступа

Озодбек Назарбеков Қирғизистон халқ артисти бўлди


Маданият вазири Озодбек Назарбековга Қирғизистон халқ артисти унвони берилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари икки давлат маданият ва санъат соҳаси вакилларини фахрий унвонлар билан мукофотлади.

Садир Жапаровнинг 5 сентябрь куни имзоланган фармон билан Ўзбекистондан ҳам маданият ва санъат соҳасидаги икки вакилга фаҳрий унвон берилди.
Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбековга — Қирғизистон халқ артисти фахрий унвони, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти “Анъанавий мақом ижрочилиги” кафедраси катта ўқитувчиси Фарангиз Маҳмудовага — Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист унвони.

Ҳужжатда айтилишича, ушбу унвонлар Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида маданият ва санъат соҳасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун берилди.

Шавкат Мирзиёевнинг 5 сентябрдаги фармони билан Қирғизистоннинг маданият ва санъат соҳасидаги икки вакили фахрий унвон билан мукофотланди. Ўзбекистон Республикаси халқ артисти фахрий унвони билан — Т.Сатилганов номидаги Қирғиз миллий филармониясининг эстрада-симфоник оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижори Омурбаев Нур Санташевич ва Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист фахрий унвони — эркин ижодкор, комуз созандаси Дуйшенбек уулу Закирбек.

Фармонда қайд этилишича, улар икки мамлакат ўртасидаги азалий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари ҳамда стратегик шериклик алоқаларини ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга кўтариш борасидаги катта хизматлари, ўзининг ёрқин ва бетакрор истеъдоди, мусиқа ва қўшиқчилик йўналишидаги сермаҳсул ижодий фаолияти билан маданият ва санъат соҳаларида мулоқотни кенгайтириш, муштарак тарихий мерос, маънавий қадрият ва анъаналаримизни асраб-авайлаш ва бойитишга қўшган муносиб ҳиссаси, қардош халқларимиз орасидаги биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлидаги ибратли ишлари учун мукофотланди.

XS
SM
MD
LG