Ссылки доступа

Россияда муҳожирлар фарзандларига бепул таълим бекор қилиниши мумкин


Ушбу ташаббус асосан Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларига қарши қаратилган ва дискриминацион тусдаги аксил-муҳожир чораларнинг навбатдагиси бўлди.

6 сентябрь куни Россия Думасида меҳнат муҳожирларининг болаларини Россия боғча ва мактабларида бепул ўқитишни бекор қилувчи қонун лойиҳаси тайёрланмоқда.

Ташббус муаллифи Давлат думасининг Меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари қўмитаси раҳбари Ярослав Нилов бўлган. Унинг фикрича, "хорижликлар фарзанди Россия бюджети ҳисобидан ўқишига якун ясаш керак. Россиялик болаларимиз синфда чет эллик ишчиларнинг болалари ҳаддан ташқари кўплигидан азият чекмаслиги керак."

Ниловнинг ташаббуси асосан Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларига қарши қаратилган ва дискриминацион тусдаги аксил-муҳожир чораларнинг навбатдагиси бўлди.

Ҳозирда Россияда базавий таълим барча учун, жумладан ҳорижликлар фарзандлари учун ҳам, бепулдир.

Лойиҳанинг асослаш қисмида ёзилишича, ташаббускорлар сўнгги йилларда боғча ва мактабларда МДҲ ва Марказий Осиё меҳнат муҳожирларнинг фарзандлари сони кескин кўпайганидан хавотирда.

"Россия боғча ва мактабларида мигрант болалар сонининг назоратсиз кўпайиши ўринлар етишмаслигига олиб келмоқда. Айни пайтда мактабларда 900 мингга яқин ўрин етишмайди. Ўқитувчилар меъёрдан 1,5-2 баробар кўп ишлашга мажбур бўлмоқда," - дейилади тушунтириш хатида.

Аввалроқ Россия Давлат думаси раҳбари Вячеслав Володин миграцияни тартибга солиш масаласи парламент ишининг устувор йўналишларидан бири эканлигини ва яқинда меҳнат муҳожирларининг оила аъзоларини Россияга олиб келишни тақиқловчи қонун қабул қилиши мумкинлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, айни пайтда депутатлар меҳнат миграцияси билан боғлиқ 6 та қонун қабул қилган ва яна бир нечта лойиҳа ташаббуслари навбатда турибди.

Рус жамиятида аксил-муҳожир кайфият азалдан кучли, бироқ ксенофобия ва таҳқирлашлар март ойидаги "Крокус"га ҳужумдан кейин янада кучайиб кетди.

XS
SM
MD
LG