Қозоғистон Олий суди январь воқеаларида "ноқонуний митинг уюштирганликда" айбланиб, олти йилга шартли қамалган мухолифатчи Жанболат Мамайнинг ҳукми устидан берилган кассация шикоятини кўриб чиқишни рад этди.
Қуйи судлар уни ҳокимият вакилини "ҳақоратлаш" ва "онгли равишда ёлғон маълумот тарқатиш"да ҳам айбдор топганди.
9 сентябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда Мамай ва унинг адвокатлари, тарафдорлари, АҚШ элчихонаси ва Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги ваколатхонасидан кузатувчилар иштирок этди. Жараён очиқ режимда ўтказилди, бироқ судлов ҳайъати аъзолари журналистларга уларни суратга олишни тақиқлади.
Рўйхатдан ўтмаган Демократик партияси раҳбари Мамай судда январь воқеалари пайтида тартибсизликлар уюштирмаганини, кредит амнистияси ҳақида нотўғри маълумот тарқатмаганини билдирди. Унинг айтишича, у ҳокимиятни танқид қилган, лекин ўзини полициячиларни "ҳақорат қилишда" айбдор деб ҳисобламайди (Мамайга митингда полициячиларни "бети қора" деб ҳақорат қилгани айблови қўйилганди).
Олий суд Мамай тарафидан келтирилган далиллар кассация шикоятини кўриб чиқиш учун етарли эмаслигини маълум қилди.
Эндиликда унинг адвокатлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига шикоят қилмоқчи.
Жанболат Мамай 2022 йил январь воқеаларида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган митингда қатнашгани учун ҳибсга олинган эди. У январь воқеалари чоғида «оммавий тартибсизликлар уюштирганлик» иши бўйича олти йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бундан ташқари, суд жазо муддати давомида унга ижтимоий-сиёсий фаолият билан шуғулланишни тақиқлади. Мамай ўзига қўйилган айбловларни рад этади.
Жанболат Мамай 2022 йил январь воқеаларида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган митингда қатнашгани учун ҳибсга олинган эди.