АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, улар 2024−2025 ўқув йилида Ўзбекистоннинг 10 та вилоятида инглиз тилини ўқитиш ва ўрганишга ёрдам беради. 2019 йилдан буён мамлакатда 21 та давлат мактаби ва 30 дан ортиқ университетда 98 нафар америкалик инглиз тили ўқитувчиси ишламоқда.
2019 йилдан бошлаб Ўзбекистонда АҚШ элчихонаси, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим вазирликлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги саъй-ҳаракатлари билан Америка Қўшма Штатлари мутахассисларини жалб қилган ҳолда инглиз тилини ўқитиш дастурлари ишга туширилди.
«Лойиҳа АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонда инглиз тили таълимини кучайтириш, жумладан, бутун мамлакат бўйлаб 18 мингдан ортиқ инглиз тили ўқитувчисини тайёрлаш борасидаги улкан мажбуриятларининг фақат бир қисмидир», — дейилади хабарда.
2018 йилдан буён АҚШ ҳукумати Ўзбекистонда инглиз тили ўқитиш ва ўрганишга 31,2 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йили АҚШдан 25 нафар инглиз тили ўқитувчиси келганди.