Республикачи, собиқ президент Доналд Трамп ва демократ, вице-президент Камала Ҳаррис орасидаги илк дебат 10 сентябрь куни Филаделфияда бўлиб ўтди.
Дебат икки номзод бир-бирига қўл бериб кўришиши билан бошланди. Июнь ойида ўша пайтдаги рақиби Президент Жо Байден билан бундай қилмаган Трамп Ҳаррис билан хушмуомала бўлишга урингани дебатни ижтимоий тармоқларда кўраётган оммани ҳаяжонлантириб юборди.
Мамлакатнинг ўзида ABC канали орқали ўнлаб миллион одам кузатган воқеа, дейди таҳлилчилар, Америка демократиясининг жадал эканини кўрсатди.Рақиблар орасидаги кескин фарқлар ҳар бир саволга жавобда сезилди, ҳатто номзодлар саволлардан қочган ҳолатда ҳам.
Залда томошабин бўлмади, фақат Трамп, Ҳаррис ва дебат бошловчилари. Микрофонлар фақат номзодлар учун ажратилган вақтда ёқилди. Дебатнинг бундай шартларини улар олдиндан қабул қилган.
Ҳаррис баҳсни иқтисоддан бошлади, Трамп эса иммиграция ва турли фаразлардан. Вице-президент ишчилар манфаатларини ҳимоя қилиш керак деса, собиқ президент либераллар Американи ҳужжатсиз иммигрантларга тўлдириб, аҳоли ҳаётини қийинлаштирмоқда, уни хавф остига қўймоқда, дея бонг урди. Унинг фикрича, мамлакатда қарийб 12 миллион ҳужжатсиз хорижлик юрганида либерал сиёсат айбдор. Ҳаррис Трампнинг бундай позициясини қоралади.
Демократ номзод республикачиларни аборт ҳуқуқларини чеклаганликда айблади, Трамп эса бу масалани чуқурроқ муҳокама қилишдан тортинди. Республикачи номзод олдинги чиқишларида айтганки, аборт билан боғлиқ қонунчилик, Олий суд белгилаганидек, штатлар ихтиёрида бўлиши керак.Ҳар икки номзод иш ўринлари яратиш ва ишсизлик борасида асоссиз даъволар қилди.
Ҳаррис президентлик пойгасига икки ойгина олдин киргани учун кўпроқ ўз дастурини тушунтиришга уринди.Трамп эса шу кунгача босиб ўтган мураккаб йўлини жасорат дея таърифлашган ҳаракат қилди. Ҳаррис Трампни 2020-йилги сайловда бой берганини тан олишга ҳадди сиғмай тарафдорларини Конгрессга ҳужум қилишга жўнатган қўрқоқ деб таърифлади. Америка асло орқага қайтмаслиги лозим, деди у, рақибини демократия душмани сифатида изоҳлар экан. Трамп бу гапларни инкор этиб, тўрт йил олдинги сайловларни адолатсиз ўтган, дея танқид қилди. Унга кўра, америкаликларнинг деярли 75 миллиони ўшанда уни танлаган ва бу қадар кўп овозни тарихда қайта сайланишга уринган бирор президент олмаган.
2021 йилнинг 6 январида Конгрессда амалга оширилган зўравонликлардан афсусдамисиз, деб сўралганда Трамп демократларни айблади.Ташқи сиёсатга келганида, Украинадаги уруш юзасидан икки томон бир-биридан нақадар йироқ экани сезилди.
"Доналд Трамп бу урушни 24 соат ичида тўхтатмоқчи. Бу дегани у бой беришга шай, чиқиб кетади. Бу эса Америкага хос иш эмас", - дейди Ҳаррис.
Трамп эса бу урушда норасида одамлар ўлмоқда ва уни нима қилиб бўлса-да, бас қилиш лозим, дейди. "Мен муроса йўлини топаман, урушдаги ҳар бир тараф билан гаплашаман", - дейди у.
Ҳаррис учун эса Байден президентлиги даврида Украинани қувватлаш учун халқаро ҳамжамият бир ёқадан бош чиқаргани улкан ютуқдир. “Ёрдам берганимиз учун, Украина ўзини ҳаводан ҳимоя қилиши, зарур қуролларга эгалиги учун бугун ҳам мустақил ва эркин давлатдир. Доналд Трамп президент бўлганида Путин ҳозир Киевда ўтирган бўлар эди", - дейди Ҳаррис.
Ўтмишда Трамп Россия раҳбари Владимир Путинни "ақлли" дея мақтаганига демократлар доим ишора қилиб, уни Украинани аямайдиган, урушни тўхтатиш учун бу давлат манфаатларига кўз юмадиган инсон, деб билади. Украина ютишини истайсизми, деб сўралганида Трамп "энг муҳими, урушни тўхтатиш", деб айтди.
Демократлар назарида у Американинг дунё билан алоқаларини бузадиган одамдир. Республикачи номзод фикрича, Байден ва Ҳаррис даврида АҚШ тинимсиз "шарманда" бўлди, жумладан Афғонистонни тарк этар экан. Миллиардлаб долларлик қурол-аслаҳа ортда қолди, исроф қилинди, дейди у.
Ҳаррисга кўра эса Афғонистондан чиқиш учун тўрт президент ҳаракат қилган ва бу ишни Байден эплаган.
Бугунги дебатда энг кўп вақт номзодларнинг шахсиятини муҳокама қилишга сарфланди. Кейинги ўринларда эса иқтисод ва аборт билан боғлиқ масалалар. Ташқи сиёсат, иммиграция ва соғлиқни сақлашга жами ярим соат кетган.
Дебатда Трамп 40 дақиқа вақтни эгаллаган бўлса, Ҳаррис жами 30 дақиқа сўзлаган. Саҳнадан улар бир-бирига қўл бермай чиқиб кетди.