Ўзбекистонда кимнидир қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш, ўрнатилмаган тақдирда эса уни тармоқдан узиб қўйиш билан огоҳлантириш масаласи ҳеч бир қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати томонидан 11 сентябрь куни тарқатилган баёнотда айтилган.
Вазирлик таъкидича, ўзбекистонликларни қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш маҳаллий қонунчиликка зид бўлиб, “Энергетика вазирлиги бу каби хатти-ҳаракатларни мутлақо ёқламайди”.
Вазирлик ўз баёнотига “айрим оммавий ахборот воситаларининг веб-сайтларида” Ўзбекистоннинг “баъзи бир ҳудудларида тадбиркорлик субъектлари қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани, бу тўғрисида айрим мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли равишда расмий хат ҳам юборилаётгани ва ўрнатмаса, электр таъминотидан узиб қўйилиши тўғрисида таҳдид бўлаётгани хусусида шикоятлар янграётгани” сабаб бўлганини билдирган.
Ўзбекистонликлар қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани мавзуси аввалроқ Озодликда бир неча бор ёритилган эди. “Мирзиёевнинг қуёш панеллари тадбиркорларни барбод қилмоқда” сарлавҳали сўнгги видеоматериал билан қуйида танишишингиз мумкин.
Энергетика вазирлигининг бугунги баёнотида Ўзбекистонга қуёш панелларининг олиб кирилиши ва ўрнатилишига оид қатор рақамлар келтирилган.
Тадбиркорлик субъектларини қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш билан мутлақо келишмаслигини урғулаган вазирлик айни пайтда ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам “қуёш панели қўйиш ўз бизнеси учун фойдали эканлигини англаб етишса, нур устига нур бўлур эди”, дея қайд этган.
“Қолаверса, бугун бу бозорда таклиф қилувчи ҳам, талабгор ҳам, кимлардир ўйлаганидек, кам эмас”, дея писанда қилинган вазирлик баёнотида.