Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра, эндиликда бу ердан кунига 12 минг нафардан зиёд фуқаро ўтиб-қайтиши мумкин.
Қўмита хабарномасида 3 гектардан зиёд майдонга эга бўлган “Қорасув” чегара маскани орқали йўловчилар асосан ёпиқ иншоотлар бўйлаб ҳаракатланишиши, постда божхона назорати ва расмийлаштирувини тезкор ва самарали амалга ошириш учун барча шароитлар яратилгани қайд этилган.
Постнинг очилиши қўшни давлат фуқаролари учун ҳам бир қатор қулайликларни юзага келтиришини таъкидлаган божхона қўмитаси “Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятидан Жалолобод вилоятига ўтиш учун шу вақтга қадар 120 км масофа босиб ўтилган бўлса, энди ушбу масофа 101 километрга қисқариб, Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб транзит тарзида атиги 19 километр ҳаракатланиш кифоя” эканига эътибор қаратган.
Аввалроқ Ўш шаҳри яқинидаги “Дўстлик” назорат-ўтказиш масканида вақти-вақти билан турнақатор навбатлар кузатилгани, бу фуқаролар норозилигига сабаб бўлгани хабар қилинган эди.
Ўзбек-қирғиз чегарасида умумий ҳисобда 15 чоғли назорат-ўтказиш маскани бўлиб, уларнинг кўпчилиги Қирғизистонда 2005 йил мартида кузатилган воқеалар ортидан Ўзбекистон томонидан бир томонлама ёпиб қўйилган эди. Пайшанба куни очилган “Қорасув” НЎП эса 2010 йилдаги воқеалар пайтида тамоман ёпилган.
Ўзбекистонда аввалги президент Ислом Каримов вафоти ортидан 2016 йилда Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин Тошкент билан Бишкек ўртасида алоқалар илиқлаша бошлаган ва ўшандан бери икки давлат ўртасида ёпиқ турган бир неча НЎП очилган эди.