Ташриф арафасида Human Rights Watch халқаро инсон ҳақлари ташкилоти Германия канцлерини Марказий Осиё лидерлари билан бўлажак учрашувларда минтақадаги инсон ҳуқуқлари муаммосига алоҳида эътибор қаратишга чақирди.
“Олаф Шольц Германиянинг Марказий Осиёдаги беш мамлакат раҳбарлари билан саммит ўтказиш учун минтақага ташриф буюрган биринчи канцлери сифатида тарихга киради. Мазкур саммит орқали иқтисодиёт, энергетика ва тараққиёт масалалари бўйича алоқаларни янада мустаҳкамлаш кўзланган, – дейилади ташкилотнинг 12 сентябрдаги баёнотида. – Агарда Берлин Марказий Осиё мамлакатларининг авторитар ҳукуматлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлигига риоя этилиши заруратига энг муҳим масала деб қараса, катта эҳтимол билан минтақада ўз мақсадларига эришажак”, дейилади баёнотда.
Россия энергия ресурсларига қарам бўлган Германия 2022 йилда Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан бери бошқа мамлакатлар, жумладан Марказий Осиё хомашёсига қизиқиш билдирмоқда. Ўтган йилнинг сентябрида Берлинда биринчи Германия – Марказий Осиё саммити ўтказилган эди.
Иккинчи саммит самарадорлигини ошириш учун Шольц “ўз ҳолида ҳаётий муҳим, айни чоғда бунёд бўлаётган ‘ҳамкорлик’нинг умумий мақсадларига элтувчи йўл ҳам бўлмиш Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ҳолатини яхшилаш масаласига эътибор қаратиши керак бўлади”, дея урғулайди HRW. Ташкилот минтақада норозилик билдириш ва ўз фикрини ифодалаш эркинлиги бўғилаётганини, эркин ва адолатли сайловлар йўқлигини, фаоллар қамоққа ташланаётганини, қамоқхоналарда қийноқлар қўлланишини, фуқаролик жамияти босимга учраётганини, кучишлатар ходимлар ўз ваколатларини суиистеъмол қилишаётганини ва аёллар ҳуқуқлари чекланаётганини эслатган.
“Ушбу муаммоларга ечим топилмас экан, олти лидер ўтган йилнинг сентябрида умумий устивор вазифалар деб белгилаб олган кўплаб мавзуларда бирон-бир силжиш бўлиши мумкин эмас”, дейди Human Rights Watch’нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳю Уилямсон.
“Германия ҳукумати Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият сезиларли даражада яхшиланмагунча минтақа билан янада яқинлашув имкони йўқлигини инкор этмаслиги керак”, қўшимча қилади Уилямсон.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўз ҳисоботларида автократик режимлар ўрнатилган Марказий Осиё давлатларидаги инсон ҳақлари билан боғлиқ вазиятни танқид қилиб келади. Минтақа мамлакатларининг ҳукуматлари одатда бу каби танқидларга муносабат билдирмайди.
Шольцга Ўзбекистонга ташрифи чоғида Германиянинг йирик бизнес доиралари вакиллари ҳамроҳлик қилмоқда. Президент Мирзиёев Берлинга ташрифи чоғида немис сармоясига шахсан ўзи кафолат бўлишини айтган эса-да, Германиянинг йирик ширкатлари Ўзбекистонга сармоя киритишга шошилмаётир.
Экспертлар фикрича, бунга сабаб Ўзбекистонда хусусий мулк дахлсизлиги ва қонун устуворлиги ҳануз таъминланмаганидир.
Танқидчиларга кўра, Ғарб пойтахтларида ислоҳотчи раҳбар сифатида кутиб олинаётган Шавкат Мирзиёев ўзининг икки президентлик муддати давомида ислоҳотлар бўйича берган ваъдаларини бажармаган, аксинча мамлакатдаги иқтисодий, ижтимоий вазият оғирлашмоқда, ҳукуматни танқид қилаётган фаолларга босим кучайиб бораётир.