Аввалроқ жиноий даромадларни легаллаштиришда айбланиб қўлга олинган сиёсатчи Азимбек Бекназаров 2 ноябрга қадар ҳибсга олинди. Бу ҳақда унинг адвокати Ойбек Турдуев Озодлик радиосига маълум қилди.
Муваққат ҳукуматнинг собиқ аъзоси Азимбек Бекназаров жиноий даромадларни легаллаштиришда гумонланмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
"2010 йил апрель воқеаларида банк ячейкалари ва Ҳукумат уйидан олиб қўйилган пул маблағларини талон-торож қилиш бўйича жиноий иш қўзғатилди. Терговда муваққат ҳукуматнинг собиқ аъзоси Азимбек Бекназаровнинг мазкур ҳолатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб қўйилган катта миқдордаги пулларни ўзлаштиришда иштироки аниқланган," - дейилади хабарда.
У бу пулларни Иссиқкўл, Бишкек, Чуй ва Жалолобод вилоятларида қимматбаҳо кўчмас мулк объектларини сотиб олиш ва уларни сохта шахсларга расмийлаштириш орқали легаллаштирилганликда айбланмоқда.
2010 йилда Муваққат ҳукумат вакиллари, жумладан, Алмазбек Атамбоев ва Азимбек Бекназаровнинг божхона хизмати раҳбариятини тайинлашда 400 минг доллар пора олиш ҳақидаги музокаралари тарқалган эди. Ўшанда Бекназаров Атамбаевни кўрсатилган суммани олишда айблаган. Кейинчалик Атамбоев шундай суҳбат бўлганини тан олди, аммо Бекназаровнинг пора ҳақидаги айбловларини рад этди.
Бундан олдин Темур Сариев ва Бекназаров ўртасида миллион долларлик изларни яшириш масаласи муҳокама қилинган суҳбат ёзуви тарқалди. Сариевнинг Озодлик радиосига берган изоҳида айтилишича, пул мамлакат хавфсизлигини таъминлашга сарфланган.
Муваққат ҳукуматнинг собиқ аъзоси Азимбек Бекназаров жиноий даромадларни легаллаштиришда гумонланмоқда