Ссылки доступа

Ташиев: "Ата-Журт" партияси сайловда иштирок этмайди


Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари, токи у амалда экан, ўзи асос солган бу партия бошқа сайловларда ҳам иштирок этмаслигини айтган. 

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ўзи асосчиларидан бири бўлган "Ата-Журт" партияси 17 ноябрга режалаштирилган маҳаллий кенгашлар сайловида иштирок этмаслигини маълум қилди.

Ташиев, шунингдек, токи у амалда экан, бу партия бошқа сайловларда ҳам иштирок этмаслигини айтган.

"Ата-Журт" партиясини менинг номим билан боғлашади. Шу боис, давлат лавозимини эгаллаган ҳолда бу партиянинг сайловларда иштирок этишига йўл қўйиш нотўғри бўларди. Бундан ташқари, мен партияга ҳатто 2026-йилги парламент сайловларида ҳам иштирок этишига йўл қўймайман," - деб ёзди у ўзининг Facebook саҳифасида.

Шу билан бирга, Ташиев сайловчиларга мурожаат қилиб, уларни коррупция ёки жиноятчилик билан боғлиқ бўлмаган номзодларни сайлашга чақирди. Шунингдек, у фуқаролардан ўз овозларини сотмасликни сўраб мурожаат қилиб, мамлакатда сайловлар ҳалол ўтиши кераклигини таъкидлади.

Аввалроқ президент Садир Жапаров маҳаллий кенгашларни тарқатиб юбориш ва янги сайловни 17 ноябрь кунида ўтказиш ҳақидаги фармонни имзолаган эди.

Янги қоидаларга кўра, Бишкек ва Ўш шаҳар кенгашларига 45 нафар депутат сайланади, бошқа ҳудудларда эса мандатлар сони аҳоли сонига қараб тақсимланади.

XS
SM
MD
LG