Рўйхатдан ўтмаган "Олға, Қозоғистон!" мухолифат партияси етакчиси Марат Жиланбоев қамоқхонада очлик эълон қилди. Бу ҳақда Жиланбоевнинг адвокати Меиржан Доскараев у билан учрашувдан сўнг маълум қилди.
Бутун дунёга машҳур марафончи ўзига нисбатан чиқарилган суднинг ҳукми ва Қозоғистонда АЭС қурилишига норозилик билдириш учун 40 кун очлик тутмоқчи.
Марат Жиланбоев 2023 йилнинг ноябрь ойида 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. 61 яшар марафончи “тақиқланган ташкилотга алоқадорлик” ва “экстремистик ташкилот фаолиятини молиялаштириш”да айбланиб қамалган.
У гўёки Францияда яшовчи мухолифатчи Мухтор Аблязов ва у асос солган "Демократик танлов" ҳаракати (Европа парламенти ўз резолюциясиида бу ташкилотни тинч мухолифат деб таснифлаган – таҳр.) билан ҳамкорлик қилган.
Жиланбоев "экстремизмни молиялаштирувчилар рўйхати"га ҳам киритилган.
Жиланбоев айбловларни рад этади.
Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Марат Жиланбоевни “сиёсий маҳбуслар” рўйхатига киритган.
Марат Жиланбоев 1990 йилларда барча энг йирик, Қорақум, Саҳро чўли, Катта Виктория ва Невада чўлида марафон югурган дунёдаги ягона инсон. У етти марта Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.
У Қозоғистонни 30 йилга яқин бошқарган Нурсултон Назарбоев 2019 йил баҳорида истеъфога чиқиб, унинг ўрнига Қосим-Жомарт Тоқаев келганидан сўнг норозилик намойишларида фаол иштирок эта бошлаган.