Жўқорғу Кенеш спикери Нурланбек Шакиев Қирғизистонда ҳижобга ёки дин тарғиботига тақиқ киритилаётганини инкор этди.
18 сентябрь куни бўлиб ўтган парламент йиғилишида у давлат дин ишларига аралашмаслигини таъкидлади.
Шакиевнинг айтишича, "Диний эътиқод ва диний ташкилотлар эркинлиги тўғрисида"ги қонун лойиҳаси Дин ишлари бўйича давлат комиссияси томонидан уламо ва олимлари иштирокида ишлаб чиқилган. Бу қонун лойиҳаси кейинчалик парламентда кўриб чиқилади.
"Қонун аёлларни рўмолларини ечишга мажбур қилади ёки диний ваъзларни тақиқлайди деб айтишмоқда. Рўмолга чекловлар бўлмайди. Анъаналаримиз ва динимизда аёллар, оналаримиз ва опа-сингилларимиз рўмол ўраб юришган. Бундан ташқари, ваъзлар туфайли жамиятда ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик каби салбий ҳолатлар камайди. Қонун лойиҳаси ушбу жараёнларни тартибга солишга қаратилган, холос" - деди у.
Аввалроқ, президент Садир Жапаровнинг матбуот котиби Асқат Алагозов ҳам қонун лойиҳаси ҳақида гапириб, жамоатчиликни миш-мишларни тарқатмасликка чақирганди.
Қирғизистоннинг Дин ишлари бўйича давлат комиссияси август ойи охирида "Диний эътиқод эркинлиги ва диний уюшмалар тўғрисида"ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ташаббуси билан чиқди. Таклиф этилаётган ўзгартиришларга кўра, жумладан, жамоат жойларида шахсни аниқлашга имкон бермайдиган кийим кийиш тақиқланмоқда, динни тарғиб этиш мақсадида прозелитизм билан давлат ташкилотлари, болалар боғчалари ва мактабларида шуғулланиш учун жарима миқдори оширилмоқда.
Қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди.
Аввалроқ, президент Садир Жапаров диний арбоблар билан учрашувда ушбу қонун лойиҳасининг қайта ишланган варианти парламентга тақдим этилишини маълум қилганди.
Аввалроқ, президент Садир Жапаровнинг матбуот котиби Асқат Алагозов ҳам қонун лойиҳаси ҳақида гапириб, жамоатчиликни миш-мишларни тарқатмасликка чақирганди.