Ссылки доступа

Қозоғистонда ўсмир қизлар одам папилломаси вирусига қарши ёппасига эмланади


Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар орасида кўкрак бези саратонидан кейин иккинчи кенг тарқалган саратон тури ва 25 ёшдан 44 ёшгача бўлган аёллар ўлимининг иккинчи сабаби ҳисобланади.

Қозоғистонда ўсмир қизлар одам папилломаси вирусига (ОПВ) қарши ёппасига эмланади. Қозоғистон бош санитар шифокори тегишли қарорни имзолади.

11 ёшгача бўлган қизлар барчаси эмланади, 12 ёшдан 13 ёшгача бўлган қизларни қўшимча эмлаш кўзда тутилган.

Эмлаш ота-оналарни хабардор қилган ҳолда ва розилиги билан амалга оширилади. ОПВга қарши эмлаш олти ойлик интервал билан икки марта ўтказилади.

Санитария-эпидемиология назорати қўмитасининг хабар беришича, ОПВга қарши эмлаш учун АҚШда ишлаб чиқарилган вакцина қўлланилади, у бир нечта ОПВ турларига қарши иммунитетни шакллантириш учун мўлжалланган.

Асосан жинсий алоқа воситасида юқувчи одам папилломаси вирусига қарши глобал миқëсда энг кўп қўлланилаëтган Gardasil вакцинасини АҚШнинг Merck & Co. Фармацевтика конгломерати ишлаб чиқаради. АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика агентлиги бу вакцинанинг 9-14 ëшдаги қиз ва ўғил болаларга эмланишига 2006 йилда расман рухсат берган.

Оммавий эмлаш кампанияси куздан бошланган.

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар орасида кўкрак бези саратонидан кейин иккинчи кенг тарқалган саратон тури ва 25 ёшдан 44 ёшгача бўлган аёллар ўлимининг иккинчи сабаби ҳисобланади. Мамлакатда ҳар йили ушбу касалликнинг 900 та янги ҳолати қайд этилмоқда.

XS
SM
MD
LG