Ссылки доступа

Арманистон: Давлат тўнтариши қилмоқчи бўлган гуруҳ фош этилди


Арманистонда давлат тўнтариши қилиб, ҳокимиятни зўрлик йўли билан эгаллашни режалаштирган гуруҳ фош этилди, деб хабар берди расмий Ереван.

Арманистон Тергов қўмитасига кўра, сиёсий тўнтариш уюштиришни қасд қилган гуруҳ Россия Федерациясининг Ростов вилоятида тайёргарликдан ўтган. Улар ҳар ой 220 минг рубль миқдорида рағбатлантирилган.

“Ўқув йиғинларида улар янги оғир қуролларни қўллаш бўйича малака оширган. Улар Арманистонга қайтгач, жанговар навбатчилик ўташи ва орттирган билимини бошқа шахсларга ўргатиши лозим бўлган”, дейилади Арманистон Тергов қўмитаси хабарида.
Тергов идораси таъкидича, ёлланма шахсларга ёпиқ иншоотларда жанг олиб бориш сабоқлари ўргатилган бўлиб, уларга Арманистоннинг амалдаги ҳукуматини ағдариш вазифаси юкланган.

Тоғли Қорабоғ ҳудудида туғилган арман фуқароларидан иборат жиноий гуруҳнинг уч аъзоси қўлга олинган, қолган гумонланувчиларга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ЖКнинг ҳокимиятни зўрлик йўли билан эгаллашга тайёргарлик моддаси билан жиноят иши қўзғатган.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян жорий йил февраль ойида France 24 телеканалига берган интервьюсида Россияни 2023 йилнинг кузида оммавий норозилик намойишлари орқали Ереван ҳукуматини ағдаришга уринишда айблаганди.

Кейинги вақтларда Москвадан узоқлашув сиёсатини олиб бораётган Пашинян ҳукумати Арманистоннинг Кремль шамсияси остидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги иштирокини ҳам тўхтатди.

XS
SM
MD
LG