Ссылки доступа

Қирғизистонда 1 октябрдан пенсия миқдори оширилади


Бироқ электр энергияси учун компенсация бекор қилинади

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, Қирғизистонда 1 октябрдан пенсия миқдори оширилади. Шу билан бирга, пенсионерларга электр энергияси учун компенсация тўловлари бекор қилинмоқда.

Бу ҳақда 20 сентябрь куни "Биринчи радио" эфирида Қирғизистон Ижтимоий жамғармаси жамоатчилик билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Женисбек Мукамбетов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, қарор президентнинг 28 июндаги пенсияларни индексация қилиш тўғрисидаги фармонига мувофиқ қабул қилинган.

Ижтимоий жамғарма вакилининг айтишича, бу тўловлар пенсия миқдорига қараб ишлаган. Жумладан, 2008 йилдан пенсия миқдори 2000 сўмдан ошмаганлар, 2009 йилдан эса пенсия миқдори 4000 сўмдан ошмаганлар компенсация олган.

"Бу компенсацияларнинг барчаси 1 октябрдан тўлиқ бекор қилинади, шунинг учун пенсияни қайта ҳисоблашда биз дастлаб ушбу компенсация тўловларини чиқариб ташлаймиз, улар пенсия миқдорига қараб 200 сўмдан 312 сўмгача бўлади," - дея қўшимча қилди у.

Муқамбетовнинг сўзларига кўра, Қирғизистонда 785 минг нафақахўр бор.

2024 йил 1 октябрдан пенсияларни ошириш тўғрисидаги қарорни Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаров август ойи охирида имзолаганди. Ҳужжатга кўра, Қирғизистон Республикаси Ижтимоий жамғармасига 1 октябрдан бошлаб пенсияларнинг суғурта қисми миқдорларини индексация қилиш коэффициентини 1,18 миқдорида, лекин камида 1000 сўмга индексация қилиш топширилди.

Шунингдек, Ижтимоий жамғармага пенсияларнинг базавий миқдорини барча устамалар билан бирга 6900 сўмдан кам бўлган пенсияларнинг базавий қисмини индексация қилиш, бундай пенсияларнинг умумий миқдорини минимал даражага, яъни 6900 сўмга етказиш топширилди.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси пенсияларнинг умумий миқдори пенсиянинг базавий қисмини ошириш ҳисобига устамаларни ҳисобга олган ҳолда 6900 сўмдан кам бўлмаслиги кераклигини ҳам белгилайди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори 2024 йил 1 октябрдан кучга киради.

XS
SM
MD
LG