Амалдаги тартибга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги махсус комиссия ижозатини олган шахслар халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият билан шуғулланишга ҳақли. Аммо қонунчиликда бу борада тегишли лицензия олмай тиббий хизмат кўрсатиб келаётган шахслар, яъни сохта табибларга нисбатан жавобгарлик чоралари назарда тутилмаганди.
Сенат хабарида таъкидланишича, бунинг оқибатида фуқаролар сохта табибларнинг қурбонига айланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, сохта табиблик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 30 бараваригача жарима ва 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазолари жорий этилмоқда.
Қонун билан мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик ўрнатилмоқда.
Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда табиблик иддаоси билан чиққан шахсларнинг соғлом ақлга зид даволаш усуллари акс этган видеолар кўпайгани кузатилмоқда.