Ҳисордаги улкан қовун шаклидаги машҳур "Харбуза" миллий чойхонаси савдога қўйилди.
Унинг қурилиши Миллий банк ва "Агроинвестбанк"нинг собиқ раиси Муродали Алимардон билан боғланади.
Илгари бу объект хусусий бўлган, аммо "Агроинвестбанк"нинг қарздорлиги туфайли давлат балансига ўтказилган.
Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, чойхонанинг нархи 35 миллион сомони (3 миллион доллардан ортиқ) ни ташкил қилади. Кимошди савдоси жорий йилнинг 29 сентябрь куни бўлиб ўтади.
Баландлиги 43 метр, узунлиги 100 метрдан ортиқ чойхона 2015 йилда Ҳисорнинг 3000 йиллик юбилейи шарафига қурилган. Унинг эгалари қарийб 100 кишини доимий иш билан таъминлашга ваъда беришган, бироқ уч ойдан сўнг объект ёпилган.
Мутахассис Фозилжон Фатҳуллоевнинг фикрича, Тожикистонда фойдаланишга топширилган бундай "тантанали" объектлар муваффақиятсизликка учрашига сабаблардан бири мансабдорлар биноларни қуришда фойда ва зарарларни ҳисобга олмаслигидир.
"Мутахассислар бу объектлар давлат бюджети ва миллий иқтисодиёт учун қанчалик фойдали, деган саволни бир неча бор кўтариб чиқишган. Лекин уларга, афсуски, раҳбарларнинг оқилона сиёсатини қўллаб-қувватлаш лозимлигини уқтиришади. Бироқ, бу сиёсатни қўллаб-қувватлаш эмас, балки давлат манфаатларига хиёнатдир," - деди у.
Чойхонанинг нархи таҳминан 3 млн доллар этиб белгиланган.