Ссылки доступа

Умра: Диний қўмита турфирмаларни огоҳлантирди


Ўзбекистонда жорий йил 5 октябрдан сўнг Умра хизматини кўрсатиш бўйича барча турдаги фаолият ноқонуний ҳисобланади, деган огоҳлантириш билан чиқди Дин ишлари бўйича қўмита.

Расмий билдиргида тегишли лицензиясиз Умра тадбирларини ташкил этиш тақиқлангани, бунинг учун БҲМнинг 200 баравари (68 млн сўм) миқдорида жарима белгилангани таъкидланган.

Ҳозирга қадар сайёҳлик фирмалари Туризм қўмитаси берган лицензия асосида Умра хизмати кўрсатиб келган.

2024 йил 2 июлда қабул қилинган қонунга мувофиқ, 5 октябрдан Дин ишлари бўйича қўмита Умра хизматини кўрсатиш бўйича лицензия берувчи ваколатли органга айланади.

Kun.uz” нашри ҳозирча қўмита лицензия бериш шартларини эълон қилмаганига эътибор қаратган.

Диний қўмита ва Мусулмонлар идораси Ҳаж ва Умра зиёратини узоқ йиллар давомида монополия қилиб келгани маълум. Бунинг ортидан юз минглаб ватандошлар зиёрат учун йиллаб навбат кутишга мажбур бўлган.

2022 йили жамоатчилик талаби асосида Умра сафарини сайёҳлик фирмалари орқали ҳам ташкил этишга рухсат берилди. Бунинг ортидан зиёрат йўналишидаги турфирмалар сони ошгани, тарифлар кескин пасайгани кузатилди.

Диний қўмита турфирмалар учун лицензия шартларини янада қийинлаштириши кутилмоқда. Жамоатчилик талаблар кучайтирилиши ортидан Умра монополияси қайтишидан хавотирда.

XS
SM
MD
LG