Олмаота суди 2022 йил январь воқеалари пайтида ҳокимлик ва президент қароргоҳига ҳужум қилишда айбланган 11 кишининг апелляция шикоятларини кўриб чиқмоқда.
Суд уларга ҳукмни июнь ойида ўқиб эшиттирганди: уларнинг бирига тўрт йил, қолганларига бир йил-у тўққиз ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Биринчи инстанция судида бўлгани каби, прокурор айбланувчиларга 10 йилдан 12 йилгача қамоқ жазосини сўради.
Айбланувчилар ва уларнинг адвокатлари, аксинча, озодликдан маҳрум қилиш жазосини шартли жазога алмаштириб, жазони енгиллаштиришни сўраган.
Суд мажлиси онлайн тарзда ўтказилмоқда. Судланувчилар суддан жараённи офлайн режимга ўтказишни сўраган, бироқ судлов ҳайъати ишни онлайн режимда кўриб чиқишни давом эттириш учун ҳеч қандай техник тўсиқларни кўрмаслигини айтган. Суд навбатдаги суд мажлиси 9 октябрь куни онлайн ўтказилишини эълон қилди.
11 июнь куни Олмаотадаги Наврўзбой туман суди барча 11 айбланувчини айбдор деб топди. Уларга нисбатан амнистия тўғрисидаги қонунни қўлланиб, ҳукм юмшатилган.
2022 йилнинг январида содир бўлган қонли воқеаларга нарх-наво қимматлашгани ва турмуш даражаси пасайиши сабаб бўлган эди. Суюлтирилган газ нархини тушириш талаби билан Қозоғистон ғарбида бошланган норозилик акциялари мамлакатнинг деярли барча шаҳарларини қамраб олган умуммиллий намойишларга айланиб кетди. Бироқ тинч митинглар тўрт кундан сўнг бебошликлар ва қон тўкилиши билан якун топди. Қозоғистон илтимоси билан мамлакатга КХШТ кучлари киритилган эди.
Қозоғистон президенти Тоқаев чет элда етиштирилган аллақандай “террорчилар” мамлакатга ҳужум қилгани ва ҳокимиятни босиб олишга уринганини иддао қилди. Аммо у ўз иддаосини тасдиқлайдиган бирон бир ишончли далилни кўрсатгани йўқ.
Расмий маълумотларга кўра, бу воқеаларда 238 киши ҳалок бўлган, аммо ҳуқуқбонлар қурбонлар кўпроқ эканини таъкидламоқда. Қамоқда сақлаш вақтида қийноқлар оқибатида 6 киши ҳалок бўлган.
2022 йил январь воқеаларидан сўнг Олмаотадаги президент қароргоҳи бузиб ташланди. Ҳокимлик биноси 17 миллиард тенгега қайта таъмирланган.
Қантар: суд президент қароргоҳига қилинган ҳужум иши бўйича 11 нафар маҳкумнинг шикоятини кўриб чиқмоқда
Расмий маълумотларга кўра, бу воқеаларда 238 киши ҳалок бўлган, аммо ҳуқуқбонлар қурбонлар кўпроқ эканини таъкидламоқда. Қамоқда сақлаш вақтида қийноқлар оқибатида 6 киши ҳалок бўлган.