Ссылки доступа

Туркманистон трансмиллий таъқиб бўйича дунёда етакчидир- Freedom House


Иллюстратив фото
Иллюстратив фото

Энг ашаддий таъқибчиларнинг биринчи бешталигига Хитой, Россия Туркманистон, Мьянма ва Камбоджия ҳукуматлари кирган.

Халқаро Freedom House инсон ҳуқуқлари ташкилотининг "трансмиллий репрессиялар" тўғрисидаги 2023 йил учун ҳисоботида айтилишича, тобора кўпроқ давлатлар чет элга қочиб кетган фуқароларини таъқиб қилмоқда.

2014 йилдан 2023 йилгача ташкилот 100 мамлакатда 44 ҳукумат томонидан амалга оширилган жами 1034 трансмиллий таъқибларни ҳужжатлаштирган. Энг ашаддий таъқибчиларнинг биринчи бешталигига Хитой, Россия Туркманистон, Мьянма ва Камбоджия ҳукуматлари кирган.

Хориждаги туркман фаолларининг айтишича, Туркманистон ҳукумати сўнгги йилларда Туркманистондан қочиб кетган фаолларни орқага қайтаришда тобора муваффақиятлироқ бўлмоқда.

Туркияда туркман диаспорасининг етакчиси Нурмуҳаммет Аннаев ва унинг бир қанча ҳамкасблари 2021 йил октябрь ойида номаълум шахслар томонидан калтакланган. Вазият ва барча далиллар фаолларга ҳужумни Туркманистон махсус хизматлари уюштирганини ишора қилмоқда.

Халқаро ҳуқуқбонлар авторитар режимлар трансмиллий таъқибга тобора кўпроқ мурожаат қилаётганини, сиёсий қочоқлар ва фаолларга кўпроқ таҳдид кучайганини қайд этмоқда. Ҳусусан, туркман ҳукуматини танқид қилган фаоллар ҳам мамлакат ичида, ҳам хорижда таъқиб қилинмоқда. Кузатувчилар туркман режими мухолифатни бостириш ва қўрқитиш учун ўзига хос тактика ва усуллардан фойдаланаётганини таъкидламоқда.

XS
SM
MD
LG