Ссылки доступа

Ҳибсдаги блогер Абдуқодир Мўминов бешинчи адвокатдан воз кечди


Расмийлар блогер Абдуқодир Мўминовнинг ҳибсхонада қийноққа солингани ҳақидаги хабарларни рад этишган.
Расмийлар блогер Абдуқодир Мўминовнинг ҳибсхонада қийноққа солингани ҳақидаги хабарларни рад этишган.

Ҳибсдаги блогер Абдуқодир Мўминов оиласи ёллаган бешинчи адвокатдан воз кечган. Бу ҳақда Озодликка билдирган адвокатларнинг сўзларига кўра, Абдуқодир Мўминов судда "ўзини-ўзи ҳимоя қилишига ишонмоқда".

Айни пайтда Мўминов адвокатлардан воз кечиш қарорини ўз ихтиёри билан қабул қилганми ёки босим остидами, номаълум қолаётир.

Расмийлар унинг ҳибсда қийноққа солингани ҳақидаги хабарларни рад этишган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг танқидчиси сифатида танилган 33 яшар Мўминов 8 февраль куни “фирибгарлик" ва "товламачилик"да гумон қилиниб, ҳибсга олинганди.

Унинг ҳибсга олиниши - Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Ўзбекистонда фаоллашган ва матбуотдан фарқли, аввалига эркин қўйилган блогерлар ва уларга нисбатан босимларга яна жамоатчилик эътиборини қаратди.

Абдуқодир Мўминовнинг онаси Сабоҳат Абдуллаевага кўра, ўғли шу вақтгача оиласи ёллаган бешинчи адвокатни рад қилган. У ўғлининг адвокатлардан воз кечиш сабаби ўзи учун қоронғи эканини айтади.

Оила ёллаган сўнгги адвокат эса бир ҳафта уриниб, ҳибсдаги Абдуқодир Мўминов билан учраша олмаган ва адвокатга маҳбус Тоштурма қамоқхонасига ўтказилганини айтишган.

Аммо, Сабоҳат Абдуллаевага кўра, ўғлининг Тоштурмага ўтказилгани ҳақидаги хабардан бир неча соат ўтиб, муқаддам терговчи томонидан ишдан четлатилган адвокатлардан бири кутилмаганда қўнғироқ қилган ва яна адвокатдан воз кечганини айтган.

Абдуқодир Мўминов ҳибсга олинганида, уни кўриш учун Сурхондарёдан келганини айтган онаси, ҳануз ўғлини кўра олмагани, ҳанузгача унинг қаерда сақланаётгани ва аҳволи қандай экани ҳақида ишончли маълумотга эга эмаслигини айтмоқда.

Блогер тақдири билан қизиқаётган Париждаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ҳимояси уюшмаси раҳбари Надежда Отаева, Мўминов атрофидаги бу каби мавҳум вазиятдан хавотирланиш керак, деган фикрда.

"Ҳибсдаги блогернинг ўзига нисбатан ҳукумат қўллаётган чораларни оқлашга мажбурланаётганининг ўзи - Мўминов ва унинг каби ўз позициясини билдиргани учун таъқибга учраган ҳамкасблари аҳволидан хавотирланишимиз учун етарли асосдир” - дейти Отаева.

Президент Мирзиёев танқидчиси сифатида танилган 33 яшар блогер Абдуқодир Мўминов ҳақида шунга қадар 2 марта расмий баёнот берилди.

Аввалига, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Мўминовга нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”), 165-моддаси (“Товламачилик”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилгани, А.Мўминов процессуал тартибда ушланганини маълум қилди.

Сўнгра, 21 февраль куни тармоқларда блогернинг ҳибсхонада қийноқлардан ўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов блогернинг тирик ва соғ омон экани ҳақидаги иккинчи расмий баёнотни берди.

Шундан бери, жамоатчилик катта қизиқиш ва хавотир билан тақдирини кузатаётган бу блогер ҳақида бошқа маълумот бермади.

Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари, тергов ишига таъсир қилмаслик ва шахсга доир маълумотларни жамоатчиликка ошкор қилмаслик сабаби билан, бу блогер тақдирига оид матбуот сўровларини рад этиб келади.

Абдуқодир Мўминов кўпгина маҳаллий блогерлар кўтармайдиган элитар коррупция сингари муаммоларга эътибор қаратгани ва шахсан президент Мирзиёев ҳамда унинг оиласига оид жиддий коррупцион иддаоларни илгари сургани билан танилган.

XS
SM
MD
LG