Ссылки доступа

Аллақулов тарафдорлари: Ота жазо ўтамоқда, ўғил қамалиб чиқди


Профессор Хидирназар Аллақулов тарафдорлари билан.

Тошкент вилоят, Чиноз туманида яшовчи оила бошлиғи шу кунда 10 кунлик маъмурий қамоқ жазосини ўтамоқда. Унинг ўғли шу йилнинг апрелида 10 кунга қамалиб, 7 кун жазо ўтаб чиққан эди.

Ўғил устидан чиқарилган суд ҳукмига кўра, у ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармасликда, орган ходимларининг ўз хизмат бурчини бажаришига қаршилик кўрсатишда айбдор топилган.

Ўғилнинг айтишича, унинг отаси ҳам шундай айбловлар билан жазо ўтамоқда.

Расмий рўйхатдан ўтказилмаган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси лидери Хидирназар Аллақуловнинг иддао қилишича, ота-бола шу партия тарафдори бўлгани учун жазоланган.

29 яшар Аброр Отажоновнинг Озодликка айтишича, унинг отаси, 52 яшар Аҳрор Маҳмудовнинг қамалишига расман 9 июль куни Чиноз туман ИИБ биноси олдида бўлган воқеа сабаб бўлган.

8 июль куни ИИБга чақирилган маҳаллий блогер Зафар Саидаҳмедов уйига қайтмайди ва ўғлининг қайтмаганидан ташвишга тушган она -Шаҳло Жўрабекова ўша куни ИИБга бориб, ўғлининг дарагини топа олмайди.

“Эртаси куни мен ўзим, яқинларим билан яна ИИБ биноси олдига бордик. Биз билан Аҳрор ака ҳам борди. Дарвозасидан ичкарига киритишмади. Ўғлимни сўрай десам, биров чиқмади. Шунда ердан олхўридай иккита тош олиб, аввал темир дарвозага урдим. Кейин ичкарига отдим. Аҳрор ака бир четда турди. У киши бўлган воқеани видеога олди, холос. Кейин билсам, қамаб қўйишибди”, деди Озодликка Шаҳло Жўрабекова.

Блогер Зафар Саидаҳмедов, онаси Шаҳло Жўрабекованинг айтишича, молиявий пирамида қурган Аҳмадбой иши бўйича қўлга олинган. Бироқ бу ва Аҳрор Маҳмудов иши бўйича Чиноз туман ИИБдан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Шаҳло Жўрабекованинг иддао қилишича, унинг блогер ўғли ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқишлари учун жазоланмоқда.

Аброр Отажоновнинг айтишича, отаси – Аҳрор Маҳмудов 15 июль куни “онлайн суд” қилинган ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (Майда безорилик), 194-(Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195- (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) моддалари бўйича айбдор топилиб, 10 суткага қамалган.

Аброр Отажоновнинг ўзи шу йилнинг апрелида 7 сутка маъмурий жазо ўтаб чиққани маълум бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Чиноз туман суди 23 апрелдаги мажлисида Аброр Отажонов ишини кўриб чиқиб, уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-(Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195- (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) моддалари бўйича айбдор топган ва 10 суткага қамаган.

Суд қарорида айтилишича, Аброр Отажонов 21 апрель куни Чиноз туман, Сарбозор маҳалласидаги 29- ҳуқуқ-тартибот масканига кириб борган ва у ердаги вазиятни видеога олиб, Фейсбукка жойлаштирган. ИИБ ходимларининг талабларини бажармаган, қаршилик кўрсатган.

Аброр Отажоновнинг айтишича, орадан 2 кун ўтгач, уни ИИБга чақиришган, у ердан судга олиб боришган, суд 10 суткага қамаган. Жазо муддатининг 7 куни уни яна суд қилишади.

Расмий рўйхатдан ўтказилмаган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси лидери Хидирназар Аллақуловнинг Аҳрор Маҳмудов ва унинг ўғли Аброр Отажоновлар ишидан хабардорлиги маълум бўлди:

“Кеча Аҳрор Маҳмудов устидан апелляция суди бўлиб ўтди. Суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди. Кеча Озодбек Қурбоновнинг (партиянинг яна бир фаоли – таҳр.) ҳам апелляция суди бўлди. Уни 15 суткага қамоқда қолдирди. Суд ёпиқ ўтказилди. Судланувчилар судга олиб келинмади. Бизни эса, киритишмади. Суд бўлгани йўқ, Сталин давридаги Тройка суди бўлди”.

“Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси фаолларига босимлар бўлаётгани, улар қамоққа олинаётгани тўғрисида шу пайтгача бир неча марта хабар қилинган.

15 июль куни Президент Администрацияси биноси олдидан ушлаб кетилган мустақил блогер Озодбек Қурбонов майда безориликда айбланиб 15 суткага қамалди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган “Ҳақиқат ва тараққиёт” партияси фаолларига кўра, судда блогер "ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатгани" ва ходимларни "ҳақорат қилгани" айтилган.

Россияда Аллақулов тарафдорларининг имзосини тўплаган блогер Тошкентга келганидан сўнг ҳам партия фаолиятини ёритишда давом этган. Профессор Аллақуловнинг сўзларига кўра, у партиянинг интернет администратори сифатида фаолият олиб бораётганди.

Жорий йилнинг 21 июнь куни Адлия вазирлиги “талаб этилганидан қарийб 3 марта кам имзолар тақдим этилгани” важидан Аллақулов партиясини рўйхатдан ўтказишни рад этганди.

Партия фаоллари ўзларига нисбатан босимлар тўхтамаётганини айтмоқда.

Ўзбекистонда президент сайловлари шу йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтади. Парламентдаги мавжуд беш партия раҳбарлари президентликка номзод бўладиган сайловларда кўпчилик амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи муддатга сайланишига шубҳа қилмайди.

XS
SM
MD
LG