Ўтган ҳафта Америкага Мексика орқали ноқонуний йўллар орқали келган ва иммиграция марказларида ушлаб турилган 35 нафар ўзбекистонлик АҚШ ҳукуматини ўзларига нисбатан камситувчи сиёсат олиб бораётганликда айблаб судга бергани ўртага чиққан эди.
3 март куни АҚШга ноқонуний йўллар билан кетган ўзбекистонликларнинг яна бир гуруҳи - 74 киши Ўзбекистонга қайтарилди. Маҳаллий матбуотдаги хабарларга кўра, Қўшта Штатларга Мексика орқали Америкага ўтган.
Америкалик сенатор Стив Дэйнснинг сўзларига кўра, 2023 йилда 50 мингдан ортиқ марказий осиёликлар АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб зтган. Daily Mail нашри бу ҳақда сенаторнинг Қўшма Штатлар ҳукуматидаги юқори мартабали мулозимга таяниб айтган сўзларини келтирмоқда.
Нашрнинг ёзишича, Байден маъмурияти ноқонуний мигрантлар оқими АҚШ хавфсизлигига таҳдид солишидан хавотирда.
Айни пайтда АҚШ иммиграция марказларида ушлаб турилган 35 нафар ўзбекистонлик АҚШ ҳукуматини ўзларига нисбатан камситувчи сиёсат олиб бораётганликда айблаб судга берган.
Улар АҚШда бошпана олиш жараёнида камситишларга дучор бўлаётганликларини даъво қилишмоқда.
Ўзбекистонликлар ўз даъво аризаларида улар иллатига кўра камситилаётгани, асоссиз ҳибсда ушлаб турилгани ва ҳимоя ҳуқуқлари чекланаётганидан шикоят қилишган.
Муҳожирларнинг адвокати Абадир Барре АҚШда бошқа мамлакатлардан келган мигрантлар эга бўлган имкониятлар ўзбекларга берилмаётганини иддао қилади.
"Одамлар учта йўл билан озодликка чиқиши мумкин. Биринчиси – сиз чегарани қандай кесиб ўтишингиздан қатъи назар: CBP One ёки девор орқалими, 90 фоиз ҳолатларда улар муҳожирлар тўғрисида маълумотларни олиб қўйиб юборишади. Барча мамлакатлардан келган мигрантларни - Африка, Осиё, Лотин Америкасидан. Бу муддатидан аввал шартли озодликка чиқариш, деб аталади. Аммо ўзбекларни қўйиб юборишмаяпти. Бу - ҳуқуқбузарлик. Чунки улар ўзбекларга бошқача муомала қилишяпти. Иккинчи йўли – уларнинг Америкада қолиш учун асоси бўлса. Агар сизнинг сўзларингизга ишонишса, қўйиб юборишади. Аммо ўзбекларнинг ишончли асоси бўлса ҳам ушлаб туришибди ва бу иккинчи ҳуқуқбузарлик. Учинчиси – агар сиз биринчи интервьюдан ўта олмасангиз, судга мурожаат қилишингиз мумкин. Агар суд “Мен сизнинг ватанингизга қайтишингиз хафвли эканлигига ишондим” деса, сизни озодликка чиқаришади. Аммо ўзбекларда бу имконият ҳам йўқ. Буларнинг барчаси ўзбеклар камситилаётганини кўрсатиб турибди. Ҳаммага тенг муомала қилиш керак, бир мамлакатнинг фуқароларини ажратиб олиб уларга ёмонроқ муносабатда бўлиш тўғри эмас", дейди Барре.
Адвокатнинг айтишича, АҚШ ҳукумати нима учун ўзбекистонликларга нисбатан назорат кучайгани тўғрисида расмий изоҳ бермаган.
Судга мурожаат қилган ўзбекларни ҳимоя қилишда Абадир Баррега ёрдам бераётган блогер Ўткир Раҳматуллаев охирги пайтларда АҚШда ўзбекларга нисбатан ҳуқуқбузарликлар аввалгидан кўра кўпайганини таъкидлайди.
Блогер иддаосича, Мексика орқали АҚШга ўтишга уринаётган ўзбекистонликларга бошпана бериш жараёнидаги бундай сиёсат ўтган йил сентябрь ойидан бошланган.
Ўтган йил августда CNN канали ва Рейтер агентлиги қатор ўзбекистонликлар “ИШИД”га алоқадор контрабандачи гуруҳ воситасида АҚШга Мексика чегарасидан кириб келгани ҳақида хабар берган эди.
Ўтган йил ноябрида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Мексикадан АҚШга ноқонуний ўтган ўзбекистонликлар уларнинг иммиграция иши ҳал қилингунича ҳибсда сақланиб, АҚШ ичкарисига қўйиб юборилмаслиги тўғрисида хабар берган эди.
20 декабрда АҚШга ноқонуний йўллар билан кирган 119 ўзбекистонлик Тошкентга қайтарилган.
Ўзбекистон фуқаролари АҚШ чегарасини энг кўп ноқонуний кесиб ўтганлар қаторида тилга олинади.
Ўзбекистонлик таниқли блогер, “Шоввозсой” қароргоҳини фош қилган Алексей Гаршин АҚШга Мексика орқали кириб бошпана излаётган муҳожирлардан бири.
“Мен сал кам тўрт ой Мексика чегарасида миграция марказида ўтириб, мана, ҳозир Калифорния штатида юрибман. Мен шу нарсанинг гувоҳи бўлдимки, АҚШга Мексика орқали ўтишга ҳаракат қилаётган ўзбекистонликларнинг тўқсон фоиздан кўпининг бу ерга келиш ва ерлашиш мотивлари - иқтисодий. Яхшироқ ҳаёт илинжида АҚШда ўрнашиш. Бунинг учун улар Миграция хизматларига ҳар хил баҳоналарни айтишади", - дейди Гаршин.
АҚШ Аҳолини рўйхатдан ўтказиш бюросининг сўнгги ҳисоботига кўра, Қўшма Штатларда 62 мингдан зиёд ўзбекистонлик яшайди. Улардан икки мингдан ортиғи АҚШ ватандошлигини олган.
2023 йили Ўзбекистон Green Card ютуқлари бўйича ҳам етакчи 10 давлат қаторига кирди. DV-2024 лотереяси натижалари 2023 йил май ойида эълон қилинган. Шу билан бирга, 2022 йилда Ўзбекистон Green Card олувчи давлатлар орасида учинчи ўринни эгаллаган эди.