Ссылки доступа

Америкалик баскетболчи тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Бриттни Грайнер

Москва вилоят Химки туман суди икки марта Олимпиада чемпиони Бриттни Грайнерни 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Грайнер февраль ойида Шереметьево аэропортида қўлга олинган. Унинг сумкасидан вейп учун наша мойи топилган. Бу модда Россияда тақиқланган, бироқ АҚШнинг қатор штатларида қонуний ҳисобланади.

Грайнер Екатеринбургнинг УГМК аёллар баскетбол клуби таркибида ўйнаётган эди. У АҚШ миллий баскетбол командаси таркибида икки марта Олимпиада чемпиони бўлган. Май ойида АҚШ Грайнерни “ноқонуний қамоққа олинган” шахс сифатида эътироф этган. Вашингтон унинг ишини ўрганишни АҚШ президентининг гаровдагиларни қутқариш бўйича махсус вакилига топширган.

Россия ва АҚШ Грайнер ва Москвада қамалган яна бир америкалик Пол Уиланни АҚШда қамалган россияликларга алмаштириш масаласини муҳокама қилмоқда. Вашингтон Россияга Грайнер ва Уиланни колумбиялик исёнчиларга қурол сотишга урингани учун 25 йилга қамалган Виктор Бутга алмаштиришни таклиф қилган.

Bloomberg агентлигининг ёзишича, Москва Грайнерни Бутга, Уиланни эса бошқа кишига, яъни икки кишини икки кишига алмаштиришга рози эканини билдирган.

XS
SM
MD
LG