Ссылки доступа

Андижонлик меҳнат мигранти Тошкент аэропортида бедарак кетгани айтилмоқда


19 яшар Шохжаҳон Туркиянинг Манавгат шаҳрида

Шу йилнинг 9 сентябрида Тошкент аэропортида бедерак кетган 19 яшар шаҳрихонлик Шохжаҳон Хомидовнинг яқинлари унинг тақдиридан хавотир билдирмоқда.

Яқинларининг билдиришича, бир кун олдин Туркиядан учиб келган йигит Москвага авиачипта сотиб олган, аммо учоққа чиқарилмаган.

Яқинлари Шохжаҳоннинг Тошкент аэропортида тўхтатилгани ва номаълум шахслар томонидан олиб кетилганини айтмоқда.

2002 йилда Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида туғилган Хомидов Шохжаҳон Икромжон ўғли шу йилнинг 9 сентябрида Тошкент халқаро аэропортидан Москванинг Домодедово аэропортига кундузги 16:40даги рейсга чипта олгани ортидан бедарак кетди.

Бу ҳақда маълум қилган Шохжаҳоннинг яқинларига кўра, у бундан бир неча кун олдин Истанбулда учиб борган ва Россияга ишлаш мақсадида йўл олган.

Йўқолган йигитнинг Туркияда ишлаётган акаси Хурсандбек Хомидовнинг айтишича, 5 ой олдин Шохжаҳон онаси билан бирга акасининг олдига ишлашга келган.

- Апрель ойида онам билан бирга келиб, 1 ойча қурилишда ишлади. Кейин ўзимнинг ёнимга - Анталиядаги Манавгат шаҳрида отелга ишга жойлаштирдим. 3 ойча ишлади у ерда, лекин сезон тугаши ва сайёҳлар кетиши билан отель ёпилди. “Ўртоқларим Россияга кетди, мен ҳам бораман – Москвада заводда иш бор экан”, деди. Лекин билет сотувчи “Ҳозир Россияга учиб кетолмайди, чунки 1 сентябрдан Россияга ҳамма ўзини давлатидан учиб келиши керак, киритмайди”, деб қўрқитди. Кейин биз Анталия-Истанбул, Истанбул-Тошкентга чипта олдик. 8 сентябр куни у Ўзбекистонга учиб кетди. Аэропортдан чиқибди эртанги кунга. “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га билет олибди Домодедовога. Туркияда топширган тестдан ташқари, яна Ўзбекистонда иккита тест қилибди. Самолётга чиқишига ярим соат қолганида телефон қилсам, “ака, мени мана бу ерда иккитаси ушлаб қолди, регистрация олдида”, деди. Кимдир “телефонингни ўчир, қанақа аканг?!”, деб ўшқирди ва телефон ўчди, - дейди Хурсандбек.

Андижонлик йигитнинг акаси бир сутка давомида укасини ким ушлаб қолгани ва қаерда экани тўғрисида хабар тополмаганидан хавотирга тушган.

Шохжаҳонни Москвада кутиб олиши керак бўлган дўстлари унинг “Ҳаво йўллари” учоғидан ҳам тушмаганини хабар қилган.

Суҳбатдошга кўра, шу кунларда Андижон вилоят Ички ишлар бошқармасида ушланган шахсни 3 кунгача яқинларига хабар қилмасдан ушлаб қолишлари мумкинлиги, сайлов олдидан четга чиқиб кираётганлар устидан назорат кучайтирилгани ҳақида эшитган.

Олдинроқ Россияга тўғри Туркиядан учиб келаётган ўзбек муҳожирлари рус махфий хизматлари назоратига олинаётгани, аэоропортларда сўроқ қилинаётгани ва кўплаб мигрантлар мамлакатга киритилмаётгани тўғрисида хабарлар олинган.

Хурсандбек Хомидов эса, укасинининг тақдиридан хабар олиш учун Туркияда ёлғиз онасини қолдириб, Ўзбекистонга жўнаб кетаётганини маълум қилди.

Жорий йилнинг апрель ойидан карантин чекловларини юмшатган Россия марказий осиёлик, хусусан ўзбекистонлик муҳожирларга чегараларни очгани хабар қилинган эди. Аммо уларга фақат учоқ орқали киришга изн берилган.

Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари охирги пайтларда Ўзбекистонда нафақат сиёсий фаол фуқаролар ва ҳукуматни танқид қилаётган шахслар, балки махсус хизматлар назоратига тушган оддий муҳожирларга нисбатан ҳам таъқиблар кучайганини айтишмоқда.

Ўзбек муҳожирларининг йўқолиб қолиши тўғрисида олдин ҳам хабар берилган. Тошкентлик 38 ёшли Умар Бадалов эса, 19 январь тонгида Москванинг Домодедово аэропортидан Ўзбекистон пойтахтига учиб келган, бироқ аэропортдан чиқмаган.

XS
SM
MD
LG