Ссылки доступа

Ангренда тиббиёт ходимлари 50 фоизга қисқартирилди – уларга ярим ставка иш таклиф қилинмоқда


Ангрен шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси
Ангрен шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси

Тошкент вилоят, Ангрен шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиника врач ва ҳамшираларининг тенг ярми қисқартирилди.

Ангрен шаҳар кўр тармоқли марказий поликлиникасининг юздан ортиқ ҳамшира ва врачлари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш, Молия ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларининг қўшма қарорига мувофиқ қисқартилмоқда.

Озодликка бу қарордан норози бўлиб гапирган ҳамшира ва шифокорлар таъқиб қилинишидан чўчиб исмлари сир қолишини илтимос қилди.

Қарийб 20 йиллик иш тажрибасига эга бўлган ҳамширанинг айтишича, уларга ярим ставка билан ишда қолиш таклиф қилинган:

“Поликлиникада 200 дан ортиқ ҳамшира ишлайди. Раҳбарият устма-уст қилиб ҳамширани ишга олиб, тўлдириб ташлайверган. Энди уларни ҳайдай олмайди, чунки бу ерда пул рол ўйнайди. Уларни қисқартириш эвазига биз каби 15-20 йиллаб меҳнат қилган ҳамшираларнинг ҳам ойлигини тенг яримга кесиб, 0,5 ставка қилиб қўймоқда. 60 фоиз ҳамшираларнинг фарзандлари контракт асосида ўқийди. 90 фоиз ҳамшираларда кредит тўлови бор. Ярим ставка, бу - 600 минг сўм ойлик. Бунга қандай яшаш мумкин? Эри ишламайдиганлар бор, боқувчисини йўқотган аёллар бор. Баъзи ҳамшираларга 0,25 ставкадан иш беряпти, бу 300 минг сўм маош. Ўйлаб кўряпсизми, қандай яшаш мумкин? Эримиз ишламайди десак, главврач бошқа эр топ, дейди. Мана, менинг хотиним қизил диплом билан уйда ўтирибди-ку, мен боқяпман-ку, дейди. Бизнинг эримиз ҳам главврач бўлганда, биз ҳам мазза қилиб уйда ўтиришни биламиз”.

Исми сир қолишини сўраган шифокорлардан бирининг айтишича, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар ўйланмай қилинмоқда ва бундан асосан, врач ва ҳамширалар жабр чекмоқда:

“Бундан 4-5 йил аввал ҳамма тор мутахассисларни(гинеколог, хирург, окулист, невропатолог, эндокринолог) шаҳар марказий поликлиникасига йиғишган эди. Энди уларни оилавий поликлиникаларга тарқатяпти. Врачларку, бориб иш топар, лекин улар ҳамшираларни олмаймиз, дейишяпти ва улар ишсиз қоляпти. Тушуниб бўлмайдиган вазият бўляпти. Аввал ура қилиб ишга олишади, кейин эса қисқартириб юборишади. Бу ерда ҳам таниш-билишчилик ва коррупция бор”.

Ангрен шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Мамлакат Саидқулова, тиббиёт кадрлари ўртасидаги оптималлаштириш тадбири учта вазирлик тасдиқлаган қарор асосида амалга оширилаётганини айтар экан, ҳамшира ва врачларни ишсиз қолдирмаслик учун ҳаракат қилинаётганини айтди.

Мамлакат Саидқуловага кўра, ҳамшираларга қонуний қўшимча даромад манбаи топишга ҳам ҳаракат қилинмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг ноябр ойида “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини имзолаган эди.

Президент фармонига асосан, умумий амалиёт шифокори бундан буён оилавий шифокор деб аталади ва тиббиёт олий таълим муассасаларидаги фан дастурлари ҳам айни оилавий шифокор тайёрлашга мослаштирилади.

Оилавий шифокорнинг масъулияти орттирилиб, туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари ҳамда вилоят шифохоналарига бепул тиббий ёрдам кўрсатилиши учун йўлланмалар оилавий шифокорлар томонидан бериладиган бўлади.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида дори воситалари ва тиббий буюмларга имтиёзли рецептлар ёзиб бериш ҳам оилавий шифокор томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

2021 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника деб қайта номланиб, аҳоли сони ва маҳаллий заруриятдан келиб чиқиб, навбатчилик тизими жорий этилади.

XS
SM
MD
LG