Ссылки доступа

Аномал иссиқ: Ҳукуматдан жазирамада ишлаётганларга енгиллик бериш сўралди


Шу кунларда Ўзбекистон ва минтақада аномал иссиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 46-47 даражагача етди.

Ўзбекистон Гидрометеорология марказига кўра, бу сўнгги 150 йилдаги энг иссиқ ёздир. Сўнгги 3 йилда ёзги ҳаво ҳароратининг муттасил кўтарилаётгани қайд этилмоқда.

1 июлдан бери ҳаво ҳарорати кескин ошиб бораётгани, шаҳарлар ҳамда саноат тузилмаларида электр узилиши билан боғлиқ қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Бундан ташқари, жамоатчилик фаоллари ва айрим депутатлар, аномал об-ҳаво шароитида ишлаётган ишчи ходимларнинг иш соатларини эрталабки ва кечки салқинга кўчириш таклифини ҳам билдирди.

8 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Ўзгидромет” ташкилоти раҳбари, ноқулай об-ҳаво пайтида ишловчиларга енгиллик бериш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилганини маълум қилди.

Ўзбекистон гидрометеорологларга кўра, мамлакатдаги бу йилги жазирама иссиқ ва умуман сўнгги йилларда ҳаво ҳароратининг кескин ўзгараётгани глобал миқёсда тезлашиб бораётган “иссиқхона эффекти” жараёнига боғлиқдир.

Гидрометеорология маркази берган маълумотга кўра, 7 июль куни Навоий ва Бухоро вилояти айрим кузатув станцияларида термометр кўрсаткичлари максимал +47 даража иссиқни кўрсатган.

8-июль куни эса, иссиқ ҳаво оқими шарққа силжиб, бугун аҳолиси зич яшовчи регионларда ҳам ҳаво ҳароратининг янада исиши яққол кузатилган.

Ўзбекистонда иссиқ-совуққа чидамайдиган энг ожиз тизим эса яна энергетика тизими бўлиб қолмоқда.

Жазирмада пойтахтда тез-тез электр узилмоқда - 7 июль куни қоқ тушда Тошкент метросининг 3 та бекатида чироқ ўчиб, зулмат чўккан тасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Метрополитен маъмурияти, 7 июль соат 12:55 – 13:05 оралиғида Тошкент шаҳар электр таъминоти тизимида юзага келган носозлик сабабли метрополитеннинг “Чилонзор”, “Юнусобод” ва “Ўзбекистон” бекатларида чироқ ўчганини маълум қилди.

Энергетика вазирлиги эса, ёзда бу таҳлит тез электр узилаётганини аномал иссиққа боғлади ва бу шароитда аҳолининг электр энергиясига бўлган бир кунлик эҳтиёжи 223 млн. кв/соатга етганини маълум қилди.

Ташкилот расмий баёнотига кўра, жами иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилаётган электр токи ҳажми 173 млн. кв/соатдир.

Ҳукумат офтоб тиғида меҳнат қилаётган ишчи, деҳқон ва фермерлар соғлиги муҳофазаси учун алоҳида чора-тадбирларни ҳануз қабул қилгани йўқ.

8 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирилишича, “Ўзгидромет” ташкилоти ноқулай об-ҳаво шароитларида ишлаётганларга енгиллик бериш бўйича таклифларини Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилган.

Аммо бу енгилликлар нимадан иборат бўлади ва шу жазирама ёздан иссиқда куйиб ишлаётганларга тақдим қилинадими - буниси ҳозирча номаълум.

XS
SM
MD
LG