У қатор маҳаллий блогерларга қарши жиноят ишлари хавотирга сабаб бўлаётганини урғулади. АҚШнинг юқори мартабали дипломати, шунингдек, Ўзбекистон президенти администрациясидаги ўзгаришлар, президент Мирзиёевнинг сиёсати ва мухолифат ҳақидаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.
"Ўзбекистон охирги бир неча йилда матбуот эркинлиги борасида улкан қадамларни қўйди. Аммо шу билан бирга, блогерларга қарши жиноят ишлари ташвишга сабаб бўлмоқда. Мен Ўзбекистон ҳукуматини матбуот, сўз ва ифода эркинлигини ҳурмат қилишда давом этишга чақираман. Ҳукумат бу жиноят ишлари ортида сиёсий сабаблар турмаганига амин бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Бир вақтнинг ўзида матбуот ва блогерлардан ҳам юқори касб этикаси ва профессионализмга амал қилишларини сўраб қоламан. Бу Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигининг ривожланиши учун муҳим", дея таъкидлади Жонатан Хеник.
АҚШ элчиси Ўзбекистонда авторитар тенденцияларнинг янада кучайиши ҳақидаги саволга жавобан шундай деди: "Қандай ҳукуматга эга бўлиш ва неча марта президент сайлашни Ўзбекистон ва Ўзбекистон халқининг ўзи ҳал қилади. Ўйлашимча, президент (Мирзиёев) Ўзбекистон халқи орасида ҳақиқатан ҳам катта обрўга эга. Мен унинг сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш йўлидаги қатъиятини ҳурмат қиламан. Аммо узоқ муддатда демократик ривожланишнинг давом этиши учун Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтган мухолифат партияларининг бўлиши, ўзбек сайловчилари келгуси сайловларда кўпроқ ва ҳақиқий танловга эга бўлишлари керак, деб ҳисоблайман".
"Шубҳасиз, биз Ўзбекистондаги демократик жараёнларни қўллаб-қувватлаймиз, айни пайтда бу жараёнда қандайдир камчиликларни кўрсак, бу ҳақда очиқ-ойдин гапиришдан тортинмаймиз", дея қўшимча қилди Жонатан Хеник.