Ссылки доступа

АҚШда Green Card лотереясига старт берилди - ўтган йилги ғолибларнинг тақдири савол остида


6 октябрь куни АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи Green Card лотереяси учун аризаларни топшириш бошланди, аризалар 2021 йил 9 ноябргача қабул қилинади.

Айни пайтда ўтган йили Green Card лотереясини ютган минглаб одам пандемия чекловлари боис суҳбатга чақирилмай, қолиб кетган. 30 сентябрга қадар иммиграция визасини олишга улгурмаган даъвогарлар АҚШда ҳаёт қуриш имкониятини бой беришдан хавотирда.

Шулардан бири тошкентлик Собир (исми унинг илтимосига кўра ўзгартирилган-таҳр.):

“2020 йил лотереясини ютганман. 2021 йил 30 сентябргача иммиграция визасини олиб бўлишимиз керак эди. Лекин бизга боғлиқ бўлмаган ҳолат - пандемия сабаб жараён чўзилди. Элчихона суҳбатга чақиришини кутдик, 28 сентябрь куни 41 та одамни қабул қилди, битта одам отказ олди. Қолганларга элчихона, срокларинг тугади, деб бошқа одамни қабул қилмади. Ҳозир ёпилган”.

Бундан олдин АҚШ Green Сard лотереясининг минглаб ғолиблари пандемия туфайли Америкага кўчиб ўтиш имкониятини қўлдан бой беришидан қўрқиб, Жо Байден маъмуриятига қарши маҳкама даъвосини бошлаган эди.

Даъвогарлар ҳимоячиси Кертис Моррисон дунёнинг 141 мамлакатидан 24 мингдан ортиқ одам номидан судга ариза киритганини маълум қилган.

Улар орасида 350 нафар ўзбекистонлик ҳам бор.

Колумбия округ суди 30 сентябрь куни даъвони кўриб чиқиб, АҚШ Давлат департаменти зиммасига DV-2021 ғолиблари учун 6914 та визани захиралаш мажбуриятини юклади.

Бу даъвогарлар томонидан талаб этилган, 2021-молиявий йилда берилган DV визаларнинг 31 фоизини ташкил этади.

Судья нима учун бу қарорга келгани, нега барча даъвогарлар учун визалар захираланмагани ҳақида изоҳ бергани йўқ.

Green Card лотереясини ютган юзлаб одам, жумладан тошкентлик Собир жараёндан четда қолгани сабаб Америкада ҳаёт қуриш учун ягона имкониятини йўқотиб қўйишдан қўрқмоқда.

“Суд бўлган, 500 доллардан адвокатга тўлаб, аъзо бўлганлар бор. 350та ўзбекистонлик ҳам 500 доллардан тўлаб, адвокат ёллаган. Бизнинг хабаримиз бўлмаган бу нарсадан. Уларнинг иши судда кўриб чиқилган. Ҳозир 7 мингга яқин даъвогар аризаси захирага олинган. Булар фақат судга арз қилганлар. Бу берилиши керак бўлган визаларнинг 30 фоизидан сал кўпроқни ташкил қилади. Қолганларники нима бўлади, меники нима бўлади, ҳеч ким билмайди”, - дейди Собир.

Колумбия округ судининг 30 сентябр кунги қарорида 6914 та виза фақат судда қатнашган грин-карта ғолибларига берилиши айтилган.

Судда қатнашмаган “грин-картачи”ларнинг ягона умиди АҚШ Конгресси томонидан кўриб чиқилиши кутилаётган қонун лойиҳасидан.

“Чет элда яшаш: Америка” китобининг муаллифи, ўзбекистонлик журналист Бахтиёр Шоҳназаров фикрича, грин-карта ғолиблари учун муддат ўтиб кетган бўлса ҳам иммиграция визаларини олишга ҳали ҳам имконлар йўқ эмас.

“Чиқмаган жондан умид дейди-ку, ҳаракат қилавериш керак. Адвокатлар ёллаб ҳаракат қилиш керак. Чунки пандемия сабаб бу жараён чўзилган, бунда ҳеч бир томонни айблаб бўлмайди. Бу табиий офат сифатида кўрилади. Айни пайтда элчихоналар, консулхоналар учун ҳам пандемия муаммолар келтириб чиқарган. Элчихоналар фаолияти тўхтаб қолган, визага мурожаат қилганларнинг ҳаммасини талаби қондиролмай қолган. Албатта элчихона қўшимча меҳнат ресурсларига эга эмас, шунинг учун уларни ҳам айблаб бўлмайди. Грин карта ютганлар АҚШ ватандоши эмас ва уларнинг талабини бажаришга Америкадаги идораларни мажбурияти ҳам йўқдай. Лекин чиқмаган жондан АҚШда адвокатлар ёллаб ҳаракат қилавериш керак, ахир АҚШ ҳуқуқий давлат”, - дейди Баҳтиёр Шоҳназаров.

Ушбу лойиҳага кўра, DV дастурида ғолиб бўлган 55 минг кишининг барчасига виза берилиши кўзда тутилган.

Ҳар йили Қўшма Штатлар миллий хилма -хилликни тарғиб қилиш мақсадида турли мамлакатлардан иммигрантларга 55 минггача грин-карта беради.

Айни пайтда АҚШда яшашни истовчи турли миллат вакиллари учун 2023 йилги виза дастури (Diversity Visa Program) бошланмоқда.

АҚШ Давлат департаментига кўра, дастурда қатнашиш учун аризалар 2021 йил 6 октябрь Вашингтон вақти билан соат 12:00 (Тошкент вақти билан соат 21:00)дан бошлаб қабул қилинади.

Рўйхатдан ўтиш dvprogram.state.gov сайтида, 9 ноябрь Тошкент вақти билан соат 21:00гача давом этади. Бу вақт оралиғида биттадан кўп ариза юборган талабгорларнинг аризалари инобатга олинмайди.

Ташкилотчилар ариза топшириш учун сўнгги ҳафтагача кутмасликни тавсия қилади; муҳлат яқинлашгани сари талабгорлар сони кўпайиб бориши порталда техник носозликларни келтириб чиқариши мумкин.

Бу гал ҳам дастур орқали 55 минг кишига АҚШда яшаш ҳуқуқи тақдим этилиши кўзда тутилган. Дастур ғолиблари компьютер ёрдамида тасодифий танланади. Натижалар 2022 йил 8 май куни эълон қилинади.

АҚШ Давлат Департаменти ариза топшириш бепул экани, пул мукофоти эвазига ютуқ кафолатлаётган шахсларга алданиб қолишдан огоҳлантириб келади.

Ўзбекистонда ҳар йили грин-карта лотереяси ўйналиши арафасида "грин-карта фирибгарлари" фаоллашгани кузатилади.

Green Card лотереясига ҳужжатларни топширишда ўз кўмагини таклиф қилувчи баъзи воситачилар анкетани тўлдириб бериш учун пул олмайди.

Лекин ютуқ чиққан тақдирда ютуқ коди учун бир неча минг доллар таклиф қилиши мумкин.

Грин-карта ўйнаш ҳуқуқи мавжуд 201 давлат ичида Ўзбекистон Судан, Жазоир ва Украина қаторида энг кўп ҳужжат топширган давлатлардандир.

Дунё бўйича ҳар йили деярли 10 миллион киши бу дастурда иштирок этади.

АҚШ Давлат Департаментига кўра, Ўзбекистондан ҳар йили 5 мингга яқин киши лотереяда ўйнаш учун ариза топширади.

2018 йили бу рақам қарийб тўрт баравар кўп бўлган, 2 миллион 114 минг Ўзбекистон фуқароси Америкада яшаш ҳуқуқини берувчи грин-карта лотереяси ўйинида қатнашган.

1990 йилда асос солинган Green Card дастури доирасида ҳар йил 50 мингга яқин иммигрант Америка Қўшма Штатларида доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритади.

XS
SM
MD
LG