Ссылки доступа

“Кореяга пора билан” - Ташқи миграция мансабдорларига қарши жиноят иши очилган   


Ўзбекистондан ҳар йили минглаб ўзбекистонлик Кореяга ишга жўнайди.
Ўзбекистондан ҳар йили минглаб ўзбекистонлик Кореяга ишга жўнайди.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Ташқи миграция агентлиги мансабдорларига қарши очилган жиноят иши доирасида агентлик фаолиятини тафтиш қилмоқда.

Озодликка сиздирилган тергов ҳужжатларидан маълум бўлишича, Ўзбекистон Ташқи миграция агентлиги мансабдорларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича жиноят иш очилган.

Агентликнинг раҳбари Афзал Ирматов доҳил камида уч нафар мансабдори 2 январь куни сўроққа чақиртирилган. Баъзиларига нисбатан қамоққа олиш эхтиёт чораси қўлланилгани ҳақида хабарлар бор.

Ташқи миграция агентлигининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ходимларидан бири 3 январь куни агентлик биносида ДХХ тинтув ўтказганини айтди.

Ходимга кўра, агентлик раҳбари Афзал Ирматов 2 январь кунидан бери иш жойида кўринмаган, унинг ҳибсга олингани ҳақида гап-сўзлар бор.

Ташқи Миграция агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов таътилда экани, тергов ҳаракатлари ва жиноят иши ҳақида хабардор эмаслигини айтди.

“Кимнингдир ишхонада бор ёки йўқ бўлиши бу у қамалди, деган хулоса чиқариш керак дегани эмас. Агар ваколатли ташкилотлар томонидан қандайдир ишлар бошланган бўлса, бу ҳақда фақат ушбу ташкилотларнинг ўзлари изоҳ беришга ваколатли, деб ўйлайман.Мен қандайдир тергов ёки жиноят иши ҳақида хабардор эмасман”, - деди Ортиқхўжа Норов 5 январь куни.

Ҳозирча Ўзбекистондаги бирор нашр¸ қолаверса¸ Бош прокуратура матбуот хизмати,Ташқи Миграция раҳбарларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабар тарқатмади.

Ҳар йили минглаб ўзбекистонлик Жанубий Кореяга ишлаш учун юборилади. Маҳаллий кузатувчилар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги назорат қиладиган жараённинг ўта коррупциялашгани ва ҳатто жиноийлашганини айтишади.

Ўзбекистон матбуоти Кореяга ишлаш учун жўнатиш мақсадида одамлардан пора олган шахслар ва бандлик хизмати ходимлари билан боғлиқ ўнлаб жиноят ишлари ҳақида хабар берган.

Икки йил аввал Олий мажлис депутатларидан бири агентликнинг раҳбарларини коррупцияда айблаб чиққанди.

“Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги энг коррупциялашган органдир. Агентликнинг раҳбарлари ҳам коррупционерлар.

Мен чет элга шу агентлик орқали чиқиб кетаётган мигрантлар ҳақида гапирмоқчиман. Бу агентлик ўша кетаётганлардан ноқонуний равишда миллионлаб пул ўмаради”, деганди депутат Боймурод Юсупов.

Ўзбекистон Ташқи маҳнат миграция агентлигига қарши тергов ҳаракатлари биринчи марта бўлаётгани йўқ. Тўрт йил аввал агентлигининг раҳбарлари узоқ муддатларга қамалди.

2018 йилнинг ноябрь ойида агентлик раҳбарлари катта миқдорда пора олганликда айбланиб қўлга олингани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Баъзи манбалар Миграция агентлигининг 20га яқин расмийси Жанубий Кореяга ишга кетаётганлардан 20 миллион доллар пора олганликда гумонланаётгани ҳақида ёзган эди. Мазкур хабарни орадан бир неча кун ўтгач, Бош прокуратура тасдиқлаганди.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг собиқ бошлиғи Рaвшан Ибрагимов – 12 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Агентлик бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган Улуғбек Назаров ҳам 12 йилга қамалди.

Жанубий Кореяга Ташқи миграция агентлиги орқали ишга кетиш квотаси 5000¸ йилига Кореяга кетиш учун ҳужжат топширувчилар сони эса 100 мингдан кўпроқни ташкил этади.

Танлов жараëнининг шаффоф эмаслиги танқидларга сабаб бўлиб келади.

XS
SM
MD
LG