Ссылки доступа

АҚШ комиссияси Ўзбекистон қамоқхоналарида 2000 дан ортиқ диний маҳкумни аниқлади


Ўзбекистонда "Ҳизбут Таҳрир" диний гуруҳига аъзоликда айбланган шахс қўлга олинмоқда, сентябрь, 2021, Тошкент вилояти
Ўзбекистонда "Ҳизбут Таҳрир" диний гуруҳига аъзоликда айбланган шахс қўлга олинмоқда, сентябрь, 2021, Тошкент вилояти

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ Комиссияси 13 октябрь куни Ўзбекистонга оид навбатдаги ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботда Ўзбекистон қамоқхоналарида диний мотивларда айланиб сақланаётган 2 мингдан ортиқ маҳкумни аниқлангани, булардан 81 нафарининг шахси тасдиқлангани қайд этилган.

Ҳисобот муаллифи, АҚШ Конгрессининг Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича маърузачиси Стив Свердловнинг қайд этишича, 81 нафар диндорнинг аксари қийноқ ёки бошқа турдаги таҳқирларга учраган.

АҚШнинг Диний эркинликлар бўйича комиссиясининг бу галги ҳисоботига “Ўзбекистоннинг диний ва сиёсий маҳбуслари: Репрессия амалиётини бартараф қилиш” деб ном берилган.

Унда мамлакатда тинчгина ибодатини қилиб юргани учун қамоққа ташланган диндор маҳкумларнинг аниқ сони узоқ муддатдан буён журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, АҚШ ҳукумати, Европа Иттифоқи ҳамда БМТ учун номаълум қолаётгани таъкидланади.

Ўзбекистон ҳукумати бундай маҳкумлар сони ва шахсига доир маълумотларни ҳеч қачон ошкор қилмаган.

Ҳисобот муаллифи Стив Свердлов келтирган янги рақам, Ўзбекистонни собиқ совет ҳудудида диндор маҳкумлари энг кўп давлатга айлантиради:

“Тахминан 2 мингдан ортиқ диндор панжара ортида қолмоқда. Бу собиқ совет давлатлари орасида ҳозир кузатилган энг катта рақам ва бу одамларни озодликка чиқаришга эришиш ҳуқуқ ҳимоячилари учун катта мақсад бўлиб қолмоқда".

Ҳисобот муаллифи бу маҳкумларга қўйилган айбловларга эътиборни қаратади. Бундай маҳкумларнинг аксари “мамлакатда конституцион тузумни ағдариш”, "тақиқланган адабиётларни сақлаш ёки тарқатиш", "тақиқланган диний гуруҳларга аъзолик" сингари жиноятларда айбланган.

Ҳисоботда таъкидланишича, энг муҳими, шахси аниқланган 81 нафар диндор маҳкумга бундай айблов қўйилиши учун асос бўладиган бирор жиддий далил йўқ.

Стив Свердловга кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексида бундай маҳкумлар бўйнига қўйилган қатор моддалар борки, буларнинг аксари Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқий мажбуриятларига зиддир.

“Ўзбекистон Жиноят кодекси амалда Каримов даврида қандай бўлса, шундайлигича қолмоқда. Шу боис муаммо ҳануз мавжуд”, деб таъкидлайди АҚШ Комиссияси ҳисоботи муаллифи.

Бу маҳкумларнинг аксари қийноқ, таҳқир ҳамда ҳибсга олиш, судлаш жараёнида ҳимоя сўрови рад этилганига оид асосли иддаоларни келтирган. Бунга қўшимча, аксар диндор маҳкумларнинг ҳибсда ва қамоқда сақлаш муддатлари қонунга зид тарзда узайтирилган.

“Хусусан, Жиноят кодексининг даҳшатли 221-моддаси ҳозир қўлланилмаётган бўлса-да, Ўзбекистондаги кўплаб диний ва сиёсий маҳкумлар қамоқхонада қўйилган янги айбловлар билан муддати узайтириб келинмоқда”, дейилади ҳисоботда.

Айни пайтда америкалик ҳуқуқшунос Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан 50 га яқин таниқли маҳкумлар озодликка чиқарилгани, бундан ташқари яна юзлаб диндор маҳкумларнинг озод қилинганини олқишлайди.

Аммо бу маҳкумларни оқлаш масаласи очиқ қолаётгани Свердлов ва бошқа ҳуқуқ фаоллари, БМТ ва инсон ҳақлари ташкилотлари, шунингдек, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ҳукумати билан шу йил бошида кечган мулоқоти чоғида таъкидланган.

Ўзбекистон расмийлари мамлакат қамоқхоналарида диний-сиёсий маҳкумлар борлигини рад этиб келадилар. Ҳукуматнинг бу борадаги мавқеи Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг ҳам ўзгармади.

XS
SM
MD
LG