Ссылки доступа

Москва арбитраж суди Озодлик радиосининг Россиядаги бўлинмасини банкрот деб топди


Москва арбитраж суди 13 март, душанба куни Россияда Озод Европа радиоси/ Озодлик радиоси манфаатларини ифодаловчи "РCЕ/РС" МЧЖни банкрот, деб топди.

Даъво федерал солиқ хизмати томонидан 2022 йилнинг март ойида қўзғатилган эди.

Банкротликка “РCЕ/РС“ (“Радио Свободная Европа/Радио Свобода“ - “Озод Европа радиоси/Озодлик радиоси“) “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунга риоя қилмагани учун медиакорпорациянинг рус тилидаги тўққизта лойиҳаси, жумладан, рус хизмати веб-сайтлари учун қўйилган кўп миллион долларлик жарималарни тўлашдан бош тортгани сабаб қилиб келтирилмоқда. Россия судлари ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида ҳокимият қарорларига эътироз билдираётган медиакоркорация ушбу қонун ҳужжатларини журналистларнинг касбий бурчларини бажаришига тўсқинлик қилувчи сиёсий цензура, деб билади.

2021 йил май ойида "РCЕ/РС" МЧЖ ҳисоблари музлатиб қўйилди ва Россия ғазнасига солиқ ўтказа олмаслик банкротлик жараёнининг расмий сабабига айланди.

Айни пайтда "РCЕ/РС" МЧЖга қўйилган маъмурий жарималарнинг умумий миқдори бир миллиард рублдан ошади, МЧЖ ва унинг бош директорига қарши судларда 1 200 га яқин иш кўриб чиқилган ёки кўриб чиқилмоқда.

2022 йил март ойида Россия Украинага қарши кенг кўламли ҳарбий босқинни бошлаб, цензура жорий қилганидан сўнг, Роскомнадзор Озодлик радиосининг мамлакатдаги веб-сайтларига блок қўйди.

“Озод Европа радиоси/Озодлик радиоси“ 1991 йилда Россия президенти Борис Елцин қарори билан очилган Россиядаги бюроси ёпилганини ва Ригада янги офис очилганини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG