Ссылки доступа

Арманистон ва Озарбайжон чегарани делимитация қилиш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича ишларни бошлашга келишиб олди


Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян

«Муҳокамалар натижасида минтақавий коммуникацияларни очишга қаратилган ишларнинг кейинги жараёни, чегараларни делимитация ва хавфсизлик бўйича комиссия ишини бошлаш тўғрисида келишувга эришилди», — дея хабар беради Арманистон ҳукумати матбуот хизмати.

Қайд этилишича, учрашувда томонлар Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича музокаралар жараёнини тайёрлаш, шунингдек, Тоғли Қорабоғ муаммосини ҳал қилиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилган.

“Уч томонлама учрашувларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди, бундай учрашувни июль ёки август ойларида ўтказиш режалаштирилди», — дея таъкидлади Арманистон ҳукумати матбуот хизмати.

Озарбайжон томони ҳозирча Брюсселдаги учрашувга муносабат билдирмаган.

Бу Озарбайжон президенти ва Арманистон бош вазирининг 2020 йилда Тоғли Қорабоғдаги вазият кескинлашганидан кейин учинчи юзма-юз учрашувидир.

Айни пайтда Ереванда итоатсизлик ҳаракатлари давом этмоқда. Арман мухолифати бош вазир Пашинянни Тоғли Қорабоғ масаласида бир томонлама ён бериш сиёсатини юритаётганликда айблаб, унинг истеъфосини талаб қилмоқда.

«Озодлик» радиосининг арман хизмати хабар қилишича, душанба куни эрталаб Ереван чеккасидан пойтахт марказига қараб автомитинглар бошланди.

Мухолифатдаги Миллий Ассамблея вице-спикери Ишхон Сагателян аввалроқ барча ҳайдовчилар мухолифатга бўйсунмаслик ҳаракатларига қўшилиши мумкинлигини, бунинг учун улар шаҳар бўйлаб максимал 15 км/соат тезликда ҳаракатланишлари кераклигини айтди.

Бугун ҳам Еритасардакан метро бекатида мухолифат тарафдорлари бўйсунмаслик акцияси ўтказди. Фаоллар поезднинг эшигига ўтириб, эшиклар ёпилишига ва поезднинг вокзалдан чиқиб кетишига тўсқинлик қилган. Эрталаб соат 10 ларда Азатутюн радиоси полицияга ҳибсга олинган уч нафар намойишчи ҳақида хабар берди.

Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ бўйича ҳудудий баҳс 1980 йилларнинг охиридан бери давом этиб келади. Асосан этник арманлар истиқомат қиладиган Тоғли Қорабоғ автоном вилояти Арманистон кўмагида Озарбайжон ССР таркибидан чиқишини ва 1991 йил сентябрда «Тоғли Қорабоғ Республикаси» ташкил этилганини эълон қилди.

1988-1994 йиллардаги қуролли тўқнашувлар пайтида сепаратистик минтақада 30 минг киши ҳалок бўлган. Тоғли Қорабоғ ва Озарбайжоннинг бир қанча қўшни вилоятлари Арманистон қуролли кучларининг амалда назоратига ўтди. Натижада юз минглаб одамлар, асосан, этник озарбайжонлар қочқин ва мажбурий муҳожирларга айланди.

«Тоғли Қорабоғ Республикаси» БМТнинг ҳеч қайси давлати, жумладан Арманистон томонидан расман тан олинмаган. 1993 йилда БМТ Қорабоғ ҳудудидан арман қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва ҳудудни Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олишни талаб қилиб, тўртта резолюция қабул қилди.

2020 йил сентябрь ойи охирида вазиятнинг навбатдаги кескинлашувидан сўнг Озарбайжон Тоғли Қорабоғ атрофидаги ҳудудларни ўз назоратига қайтарди ва қадимий ва рамзий аҳамиятга эга Шуша шаҳрини (Арманистон Шушида) олди. Шуша қўлга киритилганининг эртасига Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Россия президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги баёнотни имзолади.

Битим шартларига кўра, ҳужжат имзоланган пайтда қўшинлар жойлашган ҳудудлар Арманистон ва Озарбайжонга берилган эди. Алоқа чизиғи бўйлаб Россиянинг тинчликпарвар миссияси жойлаштирилган.

XS
SM
MD
LG