Ссылки доступа

Арманистон КХШТдан ҳарбий ёрдам сўради


Никол Пашиняннинг сўзларига кўра, КХШТнинг ҳарбий аралашуви низони ҳал қилиш учун ягона имконият сифатида кўрилмайди. Муаммо сиёсий ёки дипломатик йўл билан ҳал қилиниши мумкин.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбойжон билан содир бўлган тўқнашувларда 105 нафар арманистонлик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилди.

У шунингдек, Арманистон мамлакат ҳудудий яхлитлигини тиклаш учун 4-модда бўйича Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) мурожаат қилганини айтди. Шартноманинг ушбу моддасида ташкилот аъзосига ҳарбий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган.

«Россия ва КХШТ бизнинг иттифоқчимиз. КХШТ тўғрисидаги шартноманинг 4-моддасида "Бирор иштирокчи давлат бошқа давлат ёки давлатлар гуруҳи томонидан тажовузга дуч келса, бу Шартноманинг барча иштирокчи давлатларига қарши тажовуз деб ҳисобланади" деб ёзилган. Биз КХШТга мурожаат қилдик»,— деди Пашинян.

Унинг аниқлик киритишича, КХШТнинг ҳарбий аралашуви низони ҳал қилиш учун ягона имконият сифатида кўрилмайди. Муаммо сиёсий ёки дипломатик йўл билан ҳал қилиниши мумкин.

Аввалроқ КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Арманистон-Озарбойжон чегарасида вазият кескинлашгани сабабли ўз миссиясини Арманистонга юборишга қарор қилгани ҳақида хабар берилганди.

Ташкилот хабарида айтилишича, КХШТ бош котиби Станислав Зас бошчилигидаги миссия «мавжуд вазиятни баҳолаш, минтақадаги вазият бўйича давлат раҳбарларига батафсил ҳисобот тайёрлаш ва юзага келган кескинликни юмшатиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш» учун Арманистонга юборилади.

КХШТга Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон киради.

XS
SM
MD
LG