Ссылки доступа

Исроил қўшинлари Ғазо сектори ва Миср чегарасидаги Филаделфия йўлагини назоратга олди


Ҳарбийлар ушбу туннеллардан Мисрдан Ғазога қурол-яроғ етказилганини иддао қилмоқда.

Исроил қўшинлари Ғазо сектори ва Миср чегарасидаги 14 километрлик қалқон ҳудуди бўлмиш Филаделфия йўлагини назоратга олди. Бу ҳақда Исроил ОАВлари ҳарбийларга таяниб хабар бермоқда.

Буфер зонада Ғазо ва Мисрни боғловчи 20 та туннель топилгани айтилмоқда. Ҳарбийлар ушбу туннеллардан Мисрдан Ғазога қурол-яроғ етказилганини иддао қилмоқда.

Исроил Филаделфия йўлагини 1995 йилдан 2005 йилгача назорат қилган. Кейин Исроил армияси чегара назоратини Миср томонида Мисрга, Фаластин томонида эса Фаластин маъмуриятига топширган.
Фаластин маъмурияти 2007 йилда ХАМАС ҳокимият тепасига келгунига қадар чегарани назорат қилган.

Исроил Филаделфия йўлаги устидан назоратни қайта ўрнатиш ниятида эканини Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху йил бошида маълум қилган эди. Унинг иддаосига кўра, бу чора ҲАМАС билан урушни тўхтатишга ёрдам беради.

Филаделфия йўлаги Рафаҳ шаҳридан ўтади. Исроил қўшинлари кеча шаҳар марказига кириб борган эди.

Аввалроқ Исроилнинг 27 майга ўтар кечаси Рафаҳга берган зарбаси халқаро ҳамжамият, шу жумладан БМТ, ЕИ ва гуманитар ташкилотлар томонидан қоралаб чиқилган эди. Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Исроил БМТ судининг Рафаҳга ҳужумни тўхтатиш мажбуриятига оид қарорини ҳурмат қилиши лозимлигини билдирган.

Исроил ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти Ғазо секторидаги мақсадлари АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳини йўқ қилиб бўлиб ҳисобланишини урғуламоқда.

Исроилнинг Ғазо секторидаги амалиёти ҲАМАС вакиллари ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 дан зиёд тинч аҳоли вакилини ўлдиргани, 250 дан зиёд кишини гаровга олгани ортидан бошлаган. Исроил Рафаҳни “жиҳодчиларнинг сўнгги таянч нуқтаси” деб ҳисоблайди.

Politico нашрининг ёзишича, АҚШ разведкаси амалиёт бошидан буён ҲАМАС ўз шахсий таркибининг 30-35 фоизини йўқотди, деб ҳисоблайди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг сектордаги ҳарбий амалиёти чоғида 36 мингдан зиёд тинч аҳоли вакили нобуд бўлганини билдирган.

XS
SM
MD
LG