Ссылки доступа

"Ғазна бўшаб қолган". Тармоқлар автотўлов 68 бараварга оширилгани ҳақида


1 апрелдан Ўзбекистонда автомобилларни рўйхатдан ўтказиш тўлови 68 бараварга қимматлади.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг 31 мартдаги буйруғи билан автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларини (ярим тиркамаларини) давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўлов ставкалари оширилди.

Бунга қадар ушбу ставка базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизини (34 минг сўм) ташкил этган.

Янги буйруққа мувофиқ электромобиллар, мототранспорт воситалари ва тиркамаларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўлов миқдори 510 минг сўмгача, қолган барча автомобиллар учун ставка эса 2,32 миллион сўмга оширилди.

ИИВнинг жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган ва нарх ошишидан бир кунгина аввал эълон қилинган буйруғида тариф ўзгариши сабабига ойдинлик киритилмаган.

Аммо вазирликнинг Жамоат хавфсизлиги бошқармаси 30 март куни чоп этган хабарда бу ўзгариш “мамлакатда экологик хавфсизликни таъминлаш, яшил энергетикани қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг мантиқий давоми” экани айтилган.

Тармоқ фаоллари бу ҳолатни “мамлакат иқтисодиёти ўта ночор аҳволда экани”, “ғазна бўшаб қолгани”га ишора ўлароқ қабул қилди.

“Бу Ўзбекистон иқтисодиёти жуда ёмон аҳволда эканини кўрсатади. Ташқи қарзлар шулар ҳисобидан ёпилади”, деб ёзди Беҳзоджон Шодиев.

“Солиқлар кўпаяди, давлат хизматлари учун нархлар юз карра оширилади. Оломон, белбоғни маҳкамла, “ака”ларнинг 3-4 йилда ҳашаматга ишлатиб юборган пулларини тўлайсан энди!” дея аччиқ киноя қилди Ҳаёт Сатторов.

Таниқли блогер Дима Қаюм ИИВ буйруғи киракашлик ортидан қора қозонини қайнатаётганларга зарба бўлишидан хавотирда.

“Қишлоқ буюм, темир, тахта, мол бозорларида “Москвич”, “Волга”, “Жигули” машинасининг орқасига прицеп қўйиб тирикчилик қилмоқда. Битта туманда 100 та бўлганда ҳам вилоят, республика бўйича қанча! Булар янги евро машина олгани кучи етмайди. Нима ҳам деймиз. Амри вожиб! Фақат камбағаллик ва иш излаб четга чиқишлар кўпаяди, холос” деб ёзди у.

Бир гуруҳ фаоллар ижроия тузилмасининг “ўзбилармонлик билан” буйруқ чиқаришига “томошабин бўлиб турган” парламентни танқид қилган.

XS
SM
MD
LG