Ссылки доступа

Қозоғистонда Олий суд январь воқеаларида қизчанинг отиб қўйган ҳарбийга ҳукмни бекор қилди


Унга нисбатан аввал "Қотиллик" бўйича очилган жиноий иш "хизмат ваколатидан чиқиб кетиш"га енгиллаштирилган эди. Энди бу ҳукм ҳам бекор қилинди.

Қозоғистон Олий суди “январь воқеаларида хизмат ваколатидан чиқиб кетганликда" айбдор деб топилган ҳарбий Арман Жуманга нисбатан Ҳарбий суд қарорини бекор қилди.

Унинг иши қайта кўриб чиқиладиган бўлди.

Аввалроқ Қозоғистон Ҳарбий суди Мудофаа вазирлигининг ходими Арман Жуманга нисбатан биринчи суд инстанцияси чиқарган оқлов ҳукмини бекор қилиб, уни 2022 йилдаги январь воқеалари пайтида тўрт ёшли Айкоркем Мелдеханнинг ўлимида айбдор деб топган эди.

У етти йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Айкоремнинг отаси Айдос Мелдехан Олий суд ҳукмидан норози эканлигини айтди. "Арман Жуманни хизмат ваколатидан чиқиб кетиш бўйича эмас, қотиллик моддаси бўйича жазолаш керак эди. Унга аввал етти йил беришди, энди аста-секин озод қилиб юборишмоқчи", деди у Озодлик радиосига берган изоҳида.

Айкоркем Мелдеҳан оиласи машинада 2022 йилнинг 7 январь куни Олмаотада шаҳар ҳокимлигига яқинлашаётганда ўққа тутилган. Машинага 20 та ўқ теккан. Шулардан бири қизнинг бошига тегиб, у воқеа жойида вафот этган. Машинада унинг катта акалари ва опачаси ҳам бўлган, у ҳам жароҳат олган. Баллистик тадқиқотлар машинани ҳокимиятда жойлашиб олган ҳарбийлар отиб ташлаганини тасдиқлаган. Ҳукумат айнан кимлар ўқ узганини аниқлаш имконсиз эканлигини айтиб, жамоатчилик босими остида фақатгина бўлинма командири Арман Жуманни рамзий жавобгарликка тортишга рози бўлган. Унга нисбатан аввал "Қотиллик" бўйича очилган жиноий иш кейинчалик "хизмат ваколатидан чиқиб кетиш"га енгиллаштирилган.

Мелдеханлар оиласи Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларининг таҳдидларидан сўнг Қозоғистонни тарк этишга мажбур бўлди. Мавзуни расмийлар бости-бости қилишга уринаётган бир пайтда қизнинг отаси Айкоркемнинг ўлимида айбдорларни жазолаш учун тортишиб юргани учун МХҚ уни таъқибга олган.

Қизнинг отаси хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳозирда улар қаерда эканлигини айтмаган.

Айкоркем ҳалок бўлган 7 январь куни президент Қосим-Жомарт Тоқаев армия ва полицияга огоҳлантирмасдан ўқ узишни буюрган. Қозоғистонда "қантар воқеалари" деб тарихга кирган оммавий тартибсизликлар пайтида, Бош прокуратура маълумотларига кўра, 238 киши ҳалок бўлган, шулардан 20 нафари "дайди ўқдан".

XS
SM
MD
LG