Ссылки доступа

Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилмагунча энергия лимити давом этади


Аҳолиги қишга ҳозирдан тайёргарлик кўриш ва кўмир захирасини тўплаб қўйиш тавсия этилмоқда.

"Барки точик" энергетика холдинги раҳбарияти куз-қиш мавсумида жорий этиладиган электр энергияни чеклаш то Роғун ГЭСи тўлиқ ишга тушмагунча давом этишини маълум қилди.

Холдинг раиси ўринбосари Абдулло Қурбонзода буни электр энергиясига бўлган талабнинг ошганлиги ва сув омборларида сув сатҳининг етарли эмаслиги билан изоҳлади.

Унинг айтишича, 15 йиллик танаффусдан сўнг Тожикистон Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимига қўшилгани ҳам совуқ мавсумда электр энергияси тақчиллиги муаммосини тўлиқ бартараф эта олмайди.

"Узатиш электр тармоқлари" ОАЖ раҳбари ўринбосари Ражабали Ҳалимов ҳамма нарса қўшни давлатларга, айниқса, Ўзбекистон ва Қозоғистонга боғлиқ эканини айтди. "Туркманистон Марказий Осиё энергия тизимларининг параллел ишларига уланмаган бўлса-да, улар ҳам бизга электр энергиясини сотиши мумкин," - дея таъкидлади у.

Энергетика ва сув хўжалиги вазири Далер Жума аҳоли қишга ҳозирдан тайёргарлик кўриши ва кўмир захирасини тўплаб қўйиши кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

Шу билан бирга, аҳоли ҳозирнинг ўзидаёқ электр таъминотидаги узилишлардан шикоят қилмоқда. Электр энергия кунига бир неча соатга огоҳлантиришсиз ўчирилмоқда. Энергетика соҳаси мутасаддилари бундай узилишларни қиш мавсумига тайёргарлик тадбирлари ва таъмирлаш ишлари билан изоҳламоқда.

Куз-қиш мавсумида аҳолини электр энергияси билан таъминлаш Тожикистон ҳукуматининг сўнгги 30 йилдаги асосий муаммоларидан бирига айланган. Ўтган қишда пойтахтда ҳам чекловлар киритилган.

XS
SM
MD
LG