Ссылки доступа

Тожикистонда электр энергиясига чекловлар киритилди


Компания буни қиш фасли "жуда совуқ ва узоқ давом этиши" билан изоҳлади.

"Барки точик" давлат энергетика холдинги 22 сентябрдан истеъмолчилар электр энергиясига чекловлар киритилишини маълум қилди. Компания буни қиш фасли "жуда совуқ ва узоқ давом этиши" билан изоҳлади.

Аввалроқ Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума аҳолини "қишга кўмир ғамлашга" чақирган эди.

"Мамлакат энергетика тузилмалари электр энергияси етказиб беришни чеклашдан манфаатдор эмас. Бу бугунги кунда бизда мавжуд бўлган сув-энергетика ресурслари ҳажмига боғлиқ... Вахшда сув оқимининг ҳақиқий ҳажми ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада камайди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилда тармоқда 1 млрд кВт/соатдан ортиқ электр энергияси тақчиллиги прогноз қилинмоқда", дейилади ширкатнинг баёнотида.

Август ойида мутасаддилар куз-қиш мавсумида Роғун ГЭСи қуриб битказилгунга қадар электрни чеклаш давом этишини маълум қилган эди. Бугунги кунда Роғун ГЭСининг иккита агрегати фойдаланишга топширилди. Учинчи агрегат 2025 йилда ишга туширилиши керак.

Йилнинг совуқ мавсумида аҳолини электр энергияси билан таъминлаш Тожикистон ҳукуматининг сўнгги 30 йилдаги асосий муаммоларидан бири ҳисобланади. Янги электр станциялари ва иссиқлик электр станциялари қурилишига қарамай, бу масала ўз ечимини топмади.

Ҳар йили, йирик шаҳарлар ва Тоғли Бадахшондан ташқари, октябрь ойидан бошлаб энергия лимити жорий этилади ва баъзан 6-7 ойгача давом этади. Бироқ ўтган йили Душанбеда ҳам чекловлар жорий этилганди.

XS
SM
MD
LG