Ссылки доступа

Байден Украинага ленд-лиз асосида қурол-аслаҳа етказиб беришга оид қонунга имзо чекди


Президент США Джо Байден

АҚШ президенти Жо Байден Украинага “жанговар ҳаракатлар тугагунга қадар” ленд-лиз асосида қурол-аслаҳа етказиб бериш тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“2022 йилда Украинада демократия ҳимояси учун ленд-лиз тўғрисида” деб аталувчи мазкур ҳужжат қурол-аслаҳа, ҳарбий ёрдам ва бошқа ресурслар етказишни тезлаштириш имконини беради. У Конгрессга жорий йилнинг январида, яъни Россия босқини бошланишидан олдин киритилган.

Украина президенти Владимир Зеленский Жо Байденга “Твиттер”да шундай миннатдорлик билдирган: “Ленд-лизга доир қонуннинг имзоланиши тарихий қадамдир. Биз бу гал ҳам бирликда ғалаба қозонишимизга, Украинада ва Европада демократияни асраб қолишимизга аминман. Худди 77 йил олдин бўлганидек”.

Қонун лойиҳасига кўра, АҚШ президенти “ҳукуматга Россия босқинидан жабр кўрган Украина ва бошқа Шарқий Европа мамлакатларининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва фуқаровий аҳолини потенциал ҳужумдан ёки Россиянинг давомли агрессиясидан ҳимоя қилиш мақсадида ушбу мамлакатларга қарзга ёки ижарага мудофаа воситаларини тақдим этиш ваколатини бериши мумкин”.

Украинада уруш бошланганидан бери АҚШ Киевга умумий миқдори 2,4 млрд долларга тенг учта ҳарбий ёрдам пакетини ажратган. 28 апрель куни Жо Байден Конгрессдан қўшимча 33 млрд доллар ажратишни сўраган.

XS
SM
MD
LG